Наманган вилоятида 7 нафар келин-куёвнинг намунали тўйлари ўтказилди. Ёшлар иттифоқи уларга 28 турдаги китоблар тўплами совға қилди
26 март 2018, 17:33 2086 кўрилди

alt

24-25 март кунлари Наманган вилоятида ташкил этилган “Ёшлар ҳафталиги” доирасида вилоятнинг Косонсой, Поп, Янгиқўрғон, Уйчи, Учқўрғон туманларида яшовчи оилаларда еттита намунали тўй ўтказилди. Бу ҳақда Ёшлар иттифоқи Наманган вилоят кенгаши ахборот хизмати хабар қилади.

Тўйлар белгиланган тартиб асосида ихчам ва ортиқча дабдабасиз, ёшларнинг сайр қилиши учун 2 тадан машина ҳамда 120-150 кишидан иборат меҳмонлар иштирокида ўтказилди. Шунингдек, тўй олди томонларнинг ўзаро сарполар, қимматбаҳо совғалар улашиш, тўйдан бир кун олдинги “сабзи тўғрар” каби ортиқча сарф –ҳаражат талаб қиладиган урф-одатлар бартараф этилди.

Мурожаатларга биринчилар қаторида “лаббай” деб жавоб берган ёш оилаларнинг ҳар бирига Ёшлар иттифоқининг эсдалик совғаси сифатида 28 турдаги китоблар тўплами (жами 196 та китоб) тақдим этилди. Ушбу китоблар оиланинг муқаддаслиги, одоб-ахлоқ, фарзанд тарбияси, миллий қадриятларимиз, рўзғор сирлари каби ёш оила эгалари учун зарурий мавзуларга бағишланган.

Шунингдек, янги турмуш қурган икки ёшга оиланинг нақадар муқаддас эканлиги, уларнинг бурч ва масъулиятларини доимо ёдга солиб турувчи махсус эслатма ҳамда ёш оилаларнинг Бухоро шаҳридаги тарихий масканларга зиёрат саёҳати учун бепул йўлланма яъни сертификатлар тақдим этилди.

Эслатиб ўтамиз, 15 март куни Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар муҳокамаси порталида Олий Мажлис Сенатининг «Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналари, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш» тўғрисидаги қарори лойиҳаси эълон қилинди. Ҳужжатда тўй-ҳашамлар соат 10:00 дан 23:00 гача, ош бериш маросимлари соат 12:00 дан 15:00 гача ўтказилиши, уларда 150 нафаргача киши қатнашиши таклиф этилди. Шунингдек, ортиқча вақт ва харажат талаб қиладиган бир қатор оилавий тадбирлар тақиқланди. 

UZ24: Хабар ва янгиликларни Telegram'да ҳам кузатиб боринг

Шархлар
Реклама