"MyWay Proforientation" маркази касб-ҳунарга йўналтириш бўйича тажриба лойиҳасини ишга туширди

окт 10 / 2018

– Бу орқали 9-синф ўқувчилари онгли равишда келажакда қандай касбни танлашлари кераклигини билиб олади

– Дастлабки босқичда лойиҳа пойтахтдаги бешта мактабни қамраб олади

alt

“MyWay Proforientation” касб-ҳунарга йўналтириш ва ривожлантириш маркази Халқ таълими вазирлиги кўмагида касб-ҳунарга йўналтириш бўйича тажриба лойиҳасини ишга туширди, у орқали умумтаълим мактабларининг 9-синф ўқувчилари онгли равишда келажакда қандай касбни танлашлари кераклигини билиб олади. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати маълум қилган.

Амалиётнинг кўрсатишича, аксарият ҳолларда ўсмирларнинг ота-оналари фарзандларининг қизиқиши ва қобилиятларини ҳисобга олмасдан, уларнинг келажакда қандай касб эгаси бўлишини ҳал қилишади. Натижада, битирувчиларнинг аксарияти ўз вақти ва пулини барибир келажакда ишламайдиган, ишласалар ҳам ҳузур олмайдиган мутахассисликни эгаллашади.

Касб-ҳунарга йўналтирилган лойиҳа ўқувчиларга шахсий хусусиятларини, қизиқишлари ва қобилиятларини аниқлаш имконини беради ҳамда мазкур маълумотларга таяниб, уларнинг шахсий имкониятларига мос келувчи касбни танлаш имконини беради. “MyWay Proforientation” компанияси Москва давлат университетининг (Россия) “Гуманитар технологиялар” Тест марказининг расмий ҳамкори ва “Профориентатор”, “Профмастер”, “Профнавигатор” ва бошқа дастурлардан фойдаланиш бўйича эксклюзив ҳуқуққа эга бўлиб, Тошкентдаги бешта мактабда 9-синф ўқувчиларини тест синовларидан ўтказади.

Мактаб ўқувчилари “Профориентатор” дастуридаги “Шахс ва касб” блокининг махсус тестидан ўтадилар, бу болаларнинг индивидуал хусусиятларини аниқлаш имконини беради. Олинган маълумотларга асосланиб, “MyWay Proforientation” компанияси мутахассислари болалар билан гуруҳларда суҳбатлар ўтказадилар, келажакда қандай касб танлаш бўйича ўз тавсияларини беришади ва ўғил-қизларнинг саволларига жавоб беришади.

– Болалар учун сифатли таълимни тақдим этиш бизнинг асосий вазифаларимиздан биридир. Шу билан бирга, биз ҳам болаларни касб танлашга тайёрлашимиз керак. Ишончим комилки, мазкур лойиҳа ўқувчиларга ўзларини яхшироқ билиб, тўғри касб танлашларига ёрдам беради, шунингдек, университетларнинг кириш имтиҳонларига мақсадга мувофиқ равишда тайёргарлик кўришга имкон беради – дейди Халқ таълими вазири ўринбосари Сарвар Бабаходжаев.

“MyWay Proforientation” МЧЖ директори Вячеслав Кан ҳам бу борадаги олиб борилаётган лойиҳалар тўғрисида қуйидаги фирларга алоҳида тўхталиб ўтди.

–  Таълим соҳасидаги ислоҳотларга алоҳида эътибор бериб келаётганидан хурсандмиз, чунки бусиз Ўзбекистон халқининг фаровонлиги ва иқтисодий ўсишига эришиш мумкин эмас. Мазкур лойиҳада Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорликда компаниямиз ёрдамида кўплаб болаларга келажакда қандай касбни эгаллашлари лозимлиги ҳақида тавсиялар берилади. Асосий мақсадимиз эса инсонларга севган касбларига эришиш йўлини кўрсатиб беришда ёрдам бериб, Ўзбекистоннинг ривожланишига кўмаклашиш вазифасини амалга оширишдан иборатдир. Ишонаманки, қанчалик кўпроқ инсонлар ўз ишидан завқланиб ишласа, улар буни янада самарали амалга оширишади, Ўзбекистон иқтисодиётининг ўсиши янада тезлашади.

Қайд этиш лозимки, дастлабки босқичда лойиҳа пойтахтдаги бешта мактабни қамраб олади. Келгусида Халқ таълими вазирлиги ва “MyWay Proforientation” компанияси пойтахтдаги барча мактабларни қамраб олишни режалаштирмоқда.

UZ24: Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

 

 

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *