Метрода талаба поезд йўлига қандай тушиб кетди? Тафсилотлар маълум

сен 27 / 2018

alt

Бугун, 27 сентябрь соат 13:49 да Тошкент метрополитенинг «Новза» бекати иккинчи йўлига Тошкент Иқтисодиёт университетининг 3-босқич талабаси тўсатдан тушиб кетгани ҳақида сал аввал хабар қилгандик.

«Дарё» нашри ушбу ҳодиса тафсилотларини гувоҳларнинг сўзларидан келтиради. Маълум бўлишича, талаба йигит «Мирзо Улуғбек» бекатидан келаётган метро «Новза»га кираётган пайтда поезд йўлига йиқилиб тушган.

«Метро бекатга кириб келаётган пайтда бирдан тормоз босилди. Барча силкиниб кетди. Ичкарида бақир-чақир бошланди, ҳамма ойна олдига келиб олди. Бир киши биринчи вагон остига тушиб кетгани маълум бўлди. Кейин навбатчи милиционер воқеа жойига югуриб келди. Машинистдан поездни орқага юргазишни сўради. Машинист йиқилиб тушган одамга шикаст етказмаслик учун ортга юрмаслигини айтди. Шундан сўнг милиционер йигитга “укам, қимирлайверма, эҳтиёт бўл, электр токи бор, рельслар ичига тушиб ол”, деди. Ёрдамга бошқа милиционерлар ва метро навбатчилари етиб келишди. Йигитни қандай чиқариш ҳақида 5 дақиқача ўйлашди. Бу вақтда метро эшикларини очишмади, метронинг ортдаги вагонлари ҳали ҳам туннель ичида эди. Вагон ичидаги бир йигит ҳодисани суратга олмоқчи эди, бир рус кампир “У ерда одам ўляпти, сен суратга оляпсан” деб уришиб берди. Бошқалар ҳам ҳодисани тасвирга олмади.

Милиционер йигитга вагон остидан қандай чиқиш бўйича баланд овозларда кўрсатма берди. Йигит рельслар орасидан эмаклаганча биринчи вагон остидан амаллаб чиқиб олди. Кейин уни замбилга ортиб олиб кетишди. Замбилда олиб кетишаётганда костюм-шимдаги ёш йигитнинг бошидан жароҳатлангани, қон излари кўринди», дейилади хабарда.

Йигитни олиб кетишгандан сўнг метро бекатга кирган ва поезд вагонларининг эшиклари очилган.

UZ24: Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *