“Мен Худодан қўрқаман!” Мухбиримиз бир кунда уч марта пулидан айрилди
17 апрел 2018, 09:02 6133 кўрилди

alt

“Дорихонага қараб чоп!”

Мени бу синов – эксприментга - ундаган сабаб – онда-сонда қулоққа чалиниб турадиган ўша ёзғириш: “Одамлар харомдан ҳазар қилмай қўйди. Ҳали қарасанг, эшак гўштини пуллаган. Яна бири масжид таҳоратхонасида чўнтакка тушган. Энди ибодатхонанинг эҳсон қутисини ўмариб кетишибди. Бу ҳолда эл-юртда барака бўладими?..”  

Замондошларимиз ҳалоллик, инсофу диёнатни унутиб, иблиснинг йўриғига юра бошлагани ростми?.. 

Мана, хулосани ўзингиз чиқаранг.

Наҳорда уч пачка пулга бир хил илтимос битилган учта қоғозча ёпиштирдим: “Обиджон! Ушбу пулни олишинг билан дорихонага қараб чоп, ўғлим. Дўхтир айтган дорини олиб, зудлик билан касалхонага, онангга етказ. Дорини топишинг билан менга сим қоқ”.

Бунда ёлғон йўқ - хотиним ўткир юрак хуружига чалиниб, шифохонада даволанаётгани рост эди.        

Хатчаларга ён телефонимнинг рақамларини ҳам қўшиб,  ёзганларим аниқ-тиниқ кўринадиган қилиб пулларни шаффоф халтачаларга жойладим ва бозорга йўл олдим. Мақсадим: гавжум жойлар – бозор, транспорт ва савдо шаҳобчаларини “зиёрат қилиш” эди.          

Пулим “қулоғини ушлаб кетди”

Расталарнинг ўртасига - издаҳомга етгач соатимга қарадим ва хаёлан қайд этдим: Якшанба. Соат 10:33. Тошкентнинг “Абу-сахий” бозори.

Биринчи  елимхалтадаги пулни шундоқ оёқларим остига ташладим.  “Тап” этиб тушди.  Уч-тўрт қадам юрмасимдан ортимдан ҳаяжонли овоз эшитилди: “Вой, қаранг, кимнингдир пули тушиб қопти!”

Тўхтаб, секин ортимга бурилдим. Овоз эгаси – ўрта ёшлардаги чарм курткали жувон, пулни олиб, ёнидаги кўкиш камзул кийган барваста аёлга қаради: энди нима қиламиз? Ёши кексароқ аёл пулни унинг қўлидан шартта юлиб олди-да, нимадир деди. Шериги  қўлидаги каттакон сумкасини қия очди. Кампир пулни қизғиш сумкага ташлади. Сўнг шитоб билан йўлига, менга қарама-қарши томонга равона бўлди. Шошиб қолдим.

Мен кутган эдимки, тополоқ, агар у  инсофли бўлса, одатимизга, мусулмон умматига хос йўл тутади. Яъни пулни боши узра баланд кўтариб,  камида уч марта ҳитоб қилади: “Биродарлар, ким пул йўқотди?”  

Аёллар бундай қилмади. Изидан тушдим. Беш-ўн қадам юргунимча кўздан ғойиб бўлди. Ортидан шошганим - уларнинг қандай одамлар эканини кўрмоқчи, билмоқчи эдим. Ўн беш дақиқада бутун бозорни айланиб чиқдим. Ярим соатдан кейин изламаган ерим қолмади.

Пулим  “қулоғини ушлаб кетди!”

Икки кило гўштнинг пули! – деб ўйладим. - Бор-йўғи икки кило!”

“Адашдингиз, ака!”

 

Кейин метронинг “Буюк ипак йўли” бекатидан чиқиб, Чирчиқ сари йўл олдим. Оқ “Нексия”си ялтираб турган йигитча очиққина экан. Гурунгдан олди. Исми – Санжар. Ирригация ва мелорация институтида иккинчи курсда ўқийди. Пойтахтга бетоб бобосига дори қидириб тушган.

   “Топдингизми?”

    “Шукр.Топдим!”

    “Шифо берсин!”

    “Илоё, айтганингиз келсин!”

Кимёгарлар шаҳарчасидаги “Бухоро” қаҳвахонасининг олдида тушар эканман, иккинчи халтачадаги пулни ҳайдовчининг ёнида қолдирдим. Сезмади.  Талаба йигитча билан самимий ҳайрлашдим: “Раҳмат, укажон!”

Мулозим олиб келган овқатга қўл узатишга улгурмадим. Эрталабдан бери гунгқарғадек тумсайиб олган телефонимга жон кирди:

“Машинада пулингиз тушиб қоптими, амаки?”

“Оббо! – Қувониб кетганимни яшира олмадим. – Суюнчиси биздан, Санжарбек!”

 “Ҳозир олиб бораман!”

 Мен уни кабоб билан сийлашга аҳл қилдим. Ахир эзгу ишнинг мукофоти бўлиши керак-да! Орадан ярим соат ўтди. Сўнг қирқ минут. Жимлик. Ўзим қайтариб қўнғироқ қилдим. Гўшакни аввал ҳеч ким кўтармади. Кўтаргач ёши каттароқ одам очиқдан-очиқ дағдаға қилди:

“Адашдингиз, ока! – деди у. – Бу ерда унақа одам йўқ! Телефон қилманг!”

Икки кило гўштнинг пулига шунчами? Бор-йўғи икки кило-я!”

Савалаш

Учинчи елимхалтадаги пулни ўтирган жойим – курсида қолдириб, қаҳвахонадан ташқарига чиқдим ва ойнаванд эшикдан кузата бошладим: буниси кимга насиб қиларкан?

Аравача сурган жувон келиб, стол устидаги идиш-товоқларни йиғиштиришга тушди. Сўнг пулни олиб, оқ камзулининг чап чўнтагига тиқди. Ажабо! У ҳайратга ҳам, хавотирга ҳам тушмади. Атрофига алангламадим ҳам. Кимнингдир чўнтагидан тушиб қолган фалон минг пулни эмас, гўё ўзининг дастрўмолчасини топиб олди. Эринибгина олиб, чўнтагига солди.

Ичкарига кириб, четроққа ўтирдим. Аёл идиш-товоқ тўла арвачасини сурганча ошхонага кириб кетди. Чиқиб яна одатдаги ишига уннади. Ёнимда ўтаётганида огоҳлантирдим: “Синглим, ҳамёнингиз осилиб қоптими? Пулингиз тушиб қолмасин тағин”.

Аёл яна ажбланмади. Чўнтагидан ярми кўриниб турган пулимни ичкарироққа тиққан бўлди. Бепарволик ҳам шунча бўладими? Бир соат ўтди. На келишга ваъда берган талабадан, на идиш-товоқ йиғиб юрган мулозим аёлдан бир сас, бир имо бўлди. Алам билан ўйладим:

Бор-йўғи икки кило гўштнинг пули-я! Наҳотки?..”

Ёмғир мени Тошкентга олиб қайтган автобусни беаёв савалашга тушди.

Тонг отиши қийин бўлди. Лекин отди.

Қўйсангиз-а!

Душанба куни эрталаб машинага ўтираётганимда “гўнгқарғам” яна тилга кирди.

“Амаки, мен Санжарман. Ваъдабоз укангиз!”

“Бормисиз, укажон? Тинчликми, ишқилиб?”

“Шукр! Учрашганда айтаман. Қаерга борай?”

У метродан чиқиб келди. Шошган. Ранги учган. Қўли кўксидан тушмайди: “Узр, амаки, узр!”

Кеча кафега келмоқчи бўлиб турганида акаси   йўлдан урибди. “Пулга қистирилган хат жуда шубҳали. Ўғли отасининг телефон рақамини билмайдими? Бунда бир гап бор. Яхшиси кафега телефон қил”.

Сим қоқса, қўшниси - мулозим аёл айтибди: “Бу амакининг ўтириши жуда бежо”. Сўнг у ҳам шундай шубҳали пулга дуч келган. Унга ҳам шундай хат қистирилган.

“Додам, нима бўлганда ҳам пулни эгасига олиб бориб бер, дедилар. - Йигитча икки пачка пулни менга узатди. – Ўзлари касал ётибдилар!”

“Илоё, шифосини берсин!”

Санжарни бағримга босиб, миннатдорчилик билдирдим. Сирни очдим. Кулишдик.  Пешиндан кейинги қўнғироқ мени янада суюнтирди:

“Абиджаннинг акасимиз, ёшулли?”

“Ҳа, отасиман”.

“Мен Шакаржон опангизман. Урганчдан телефон этиб турибман. Келин яхшимилар?

“Сиз сўрайсизу ёмон бўлармиди, опажон! – дедим. – Дим яхши!”

Маълум бўлдики, Тошкентга қизи билан меҳмонга келган опа қўноқ жойга кирмасидан ортидан шум хабар етган: “Неварангиз газда юмуртқа қовураман деб куйиб қолди!”

 Таксига ўтирибдилару “Хоразмга қараб учибдилар”.

“Пулингизни бугун таксичи Рўзимбойдан бериб юбораман, - деди опа овозлари гуриллаб. – Дим яхши йигит. Қўлингизга опбориб беради!”

“Шу ишга шошилманг, опа! - дедим ҳаяжонланиб. – Сиздан мингдан-минг миннатдорман. Менинг ҳисобимдан невараларингизга музқаймоқ олиб беринг шу пулга! Розиман!..”

“Қўйсангиз-а!..”

“Дарвоқе, “тухумхўр” неварангиз тузукми?”  

“Шукр, жойида. Лекин пулингизни бериб юбораман, оғажон. Мен Худодан қўрқаман! Кишининг моли кишига буюрмайди. Худоим ҳалолидан берсин!”

Эртаси куни Рўзимбой таксичи пулимни олиб келиб берди.

Бор-йўғи икки кило гўштнинг пулини”.

 Ҳалолидан берсин!

Жонқобил ЖУМА

Шархлар
Реклама