Мактабларда бош кийимга (рўмол) рухсат бериладими?
20 июн 2018, 18:31 1617 кўрилди

alt

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ҳамда “Ўзбекистон 24” радиосининг қўшма лойиҳаси доирасида ягона мактаб формалари билан боғлиқ барча саволларга мутасаддиларнинг жавоби билан боғлиқ эшиттириш давом этмоқда, деб ёзмоқда ЎзА.

Жонли мулоқот тарзида давом этаётган эшиттиришга Тошкент вилояти, “Ўзгариш” ҚФЙ фуқароси томонидан савол берилди.

Халқ таълими вазирлиги қонун-қоидаларга кўра мактабда бош кийим кийиб юришга қатъиян рухсат этилмаслиги кўрсатилган. Фуқаро қишлоқ мактабларида қиш мавсумида мактабларнинг яхши иситилмаслиги, шунинг учун ўқувчилар бош кийимда юришга мажбур бўлишларини изоҳлаб, мактабда бош кийим кийишга рухсат этилиши кераклиги ҳақидаги фикрни ўртага ташлади.

Фуқаро таклифига Халқ таълими вазирлиги Ахборот хизмати раҳбари Бахриддин Шайвалиев шундай жавоб қилди.

- Қарор лойиҳасининг 9-банди ва айнан бош кийим масаласи кўпгина бахсларга сабаб бўлмоқда. Қишлоқ мактаблари хозирда таъмирлаб борилмоқда. Қишлоқда шаҳардагидан ҳам яхши мактабларни учратиш мумкин. Агар қонун лойиҳасида мактабда бош кийимда юришга рухсат берсак, мактаб иситиш тизими таъмирлангандан кейин уни бекор қилишга тўғри келади. Шундай экан бош кийимга руҳсат бериш ўринсиз. Бош кийим масаласи кўпинча “ҳижоб”, “рўмол” масаласи билан боғлиқ. Биз кўп миллатлик давлатмиз. Шундай экан бир динга қулайлик яратиб бериш тўғри бўлмайди. Шунинг учун “ҳижоб”, “рўмол” каби диний либосларга рухсат этилмайди. Мактаб ўқувчисининг формаси қайсидир динга тааллуқли бўлмаслиги ва бошқалардан ажралиб турмаслиги лозим. Мактабда нафақат бош кийим балки, калта, енгсиз кийимлар ортиқча тақинчоқлар, ноқулай оёқ кийим кийиш ҳам тавсия этилмайди. Бу ўқувчининг таълимдан бошқа нарсаларга эътибор қаратишини олдини олиш мақсадида жорий этилган.

UZ24: Хабар ва янгиликларни Telegram'да ҳам кузатиб боринг

 

Шархлар
Реклама