Каттақўрғонлик таҳқирланган аёл воқеаси Тожикистонда ҳам такрорланди

июл 10 / 2018

alt

Тожикистоннинг Сўғд вилоятига қарашли Спитамен туманида ҳам Каттақўрғондагига ўхшаш воқеа содир бўлди.  Бу ҳақда СА-News.org  хабар қилди.

33 ёшли Кибриё Йўлдошева тадбиркорлик билан шуғулланади. Унинг айтишича, куни кеча туман милиция бўлими ходимлари суриштирув олиб бориш вақтида уни тўлиқ ечинишга мажбур қилган. “Дунё” ошхонаси эгаси бўлган бу аёл “Тожпромбанк”дан шу йилнинг май ойида қалбаки ҳужжатлар асосида кредит олганликда айбланганди. Спитамен милиционерлари аёлни шу масалада қўлга олишган ва сўроқ қилишган.

Суҳбатда Кибриё Йўлдошева 3та офицер томонидан сўроқ қилинганини айтмоқда.

“Улар гўё мен кийимларим ичига овоз ёзадиган қурилмани беркитиб олган бўлишим мумкинлигини баҳона қилишди. Ҳамма кийимимни ечиб ташлашга мажбур қилишди. Ҳатто, пайпоғимгача ечдим. Уч нафар милиционер гўё менга еб қўйгудек қараб турарди. Лекин ортиқча ҳаракатлар содир этишмади. Фақат сўроқ қилишди. Мен уларнинг ҳамма саволларига жавоб бердим. Кредит масаласига келсак, 6 минг АҚШ доллар миқдоридаги қарзимни аллақачон банкка топшириб қўйганман”,– дейди тадбиркор Кибриё Йўлдошева.

Суриштирувлардан кейин бир кун ўтиб Кибриё Йўлдошева Тожикистон Республикаси Бош прокуратураси терговчиларига полиция ходимлари ҳақида шикоят қилди. Ушбу ҳодисани текширишни Спитамен туман прокуратураси олиб боради.

Прокуратура ушбу шикоят аризасига кўра иш бошлайди. Аммо Спитамен туман ички ишлар бўлими тасарруфидаги тергов бўлинмаси раҳбари Юнус Баҳроновнинг гапига қараганда, биринчидан, аёлнинг ўзи фирибгарликда айбланмоқда. Унга нисбатан аллақачон жиноий иш қўзғатилган. Иккинчидан, милиция ходимларининг аёлни қип-яланғоч ҳолга келтирган ҳолда сўроқ қилганлари ёлғондан бўлак нарса эмас. Аёл туҳмат қилаётган бўлиши мумкин.

“Биз Кибриё Йўлдошеванинг шикоятидан кейин ўзимизнинг ички текширув амалиётимизни ўтказдик. Аммо  бундай ҳолат бўлмаганлиги аниқланди”, дейди Юнус Баҳронов

Кибриё Йўлдошева устидан очилган жиноий иш ҳануз давом этмоқда. Аёл айби исботланса, ё катта миқдорда жаримага тортилади, ё икки йил муддатга озодликдан маҳрум этилади. Милиция билан боғлиқ масала эса очиқ қолмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Самарқанд вилояти Каттақўрғон шаҳар ИИБ ходими ўғирликда айблаб, гумондор аёлни таҳқирлаб, видеога олган эди. Ҳозирда милициянинг собиқ ходими Санъат Умаров қамоққа олинган

Матн: UZ24

UZ24: ХАБАР ВА ЯНГИЛИКЛАРНИ TELEGRAM'ДА ҲАМ КУЗАТИБ БОРИНГ