Каттақўрғон ва Самарқанд ИИБнинг барча ходимлари навбатдан ташқари аттестациядан ўтказилади

июл 19 / 2018

alt

17 июль куни Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармасида Ички ишлар вазири П.Бобожонов бошчилигида кенгайтирилган йиғилиш ўтказилди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бошқармаси хабар қилмоқда.

Кун тартибидаги масала юзасидан айрим ички ишлар органлари ходимларининг фуқаролар билан мулоқот қилишдаги ноўрин хатти-ҳаракатлари, раҳбарларнинг масъулиятсизлиги ва бепарволиги ҳамда қўл остидаги ходимлари устидан кунлик назоратни лозим даражада ўрнатмаганликлари оқибатида тизимли камчиликларга йўл қўйилаётганлиги ва бу аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлиши кўрсатиб ўтилди.

Фаолиятида тизимли камчиликларга йўл қўйганлиги учун вилоят ИИБ бошлиғининг кадрлар бўйича ўринбосари О.Рахмонов, Самарқанд шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Ш.Ганиев, Қўшработ туман ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари Х.Усманов, Тойлоқ тумани Ички ишлар бўлими бошлиғининг ўринбосари М.Маҳкамов, Оқдарё туман ИИБ бошлиғининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари Н.Усанов, Самарқанд вилояти ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бошлиғининг кадрлар бўйича ўринбосари Н.Тилавов эгаллаб турган лавозимларидан озод этилди.

Шунингдек, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, жиноят қидирув, тергов, кадрлар билан ишлаш хизматлари ходимларига нисбатан интизомий таъсир чоралари қўлланилди.

Бундан ташқари, Каттақўрғон шаҳар ва Самарқанд тумани ички ишлар органларининг барча ходимларини навбатдан ташқари аттестациядан ўтказиш бўйича топшириқ берилди.

Маълумот учун: бунга қадар Ички ишлар вазири Самарқанд вилоятига ташрифи давомида Каттақўрғон шаҳар ИИБ бошлиғи И.Абдуқаҳҳоров ва 3 нафар раҳбар ходимлари, Булунғур тумани ИИБ бошлиғи С.Абдуҳакимов ва Пахтачи тумани ИИБ бошлиғи Х.Абдуҳамидовни ички ишлар органларидан бўшатганлиги тўғрисида маълумот берилган эди.

Йиғилиш якунида Ички ишлар вазири П.Бобожонов вазирлик Академиясининг профессор-ўқитувчилари ҳамда малакали амалиётчи мутахассислар томонидан Самарқанд вилояти ички ишлар органлари ходимларининг билим савияси ва касбий маҳоратини оширишга қаратилган манзилли ўқув дастурларини ишлаб чиқиб, барча шахсий таркибни қайта тайёрлаш ҳамда фуқаролар билан ишлашда муомала маданиятининг белгиланган тартиб-қоидаларига риоя қилиш, ҳар бир мурожаат бўйича холисона ва қонуний қарор қабул қилинишини таъминлаш, кундалик фаолиятни “халқ манфаатларига хизмат қилиш” тамойили асосида ташкил этиш, қонун ва хизмат интизомини бузиш ҳолатларининг олдини олиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш тўғрисида аниқ топшириқлар берди.

UZ24: Хабар ва янгиликларни Telegram'да ҳам кузатиб борин

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *