Истеъмолчилар федерацияси Халқаро истеъмолчилар ташкилотига биринчилардан бўлиб аъзо бўлди
12 июл 2018, 16:14 749 кўрилди

Ўзбекистон Халқаро истеъмолчилар ташкилотига аъзо бўлди

 

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси раиси Жаҳонгир Саримсоқов бошчилигидаги делегация 11 июль куни Халқаро истеъмолчилар ташкилотининг (Consumers International – Си-Ай) Лондон шаҳридаги глобал офисига ташриф буюрди.
Ташкилот бош директори Аманда Лонг Ж.Саримсоқовга Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ушбу халқаро ташкилотга тўлақонли аъзо бўлганини тасдиқловчи сертификатни топширди. У федерацияни халқаро ташкилотнинг тўлақонли аъзоси бўлгани билан қутлар экан, Си-Ай билан федерациясининг икки томонлама ва минтақавий лойиҳалар доирасида ҳамкорлигига муваффақият тилади. Бу ҳақда Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси матбуот хизмати хабар қилди.

Делегация аъзолари Си-Айнинг Истеъмолчилар ҳуқуқларини тарғиб қилиш масалалари бўйича директори Жастин МакМиллан ҳамда Стратегик ривожланиш ва коммуникация масалалари бўйича директори Филлипа Ҳант билан музокара ўтказди.

Дастлаб федерация ҳақидаги видеоролик намойиш этилди. Унинг изидан федерация раиси Ж.Саримсоқов сўнгги йилларда Ўзбекистондаги кенг кўламли ислоҳотлар, айниқса, нодавлат ташкилотлари фаолиятига кўмаклашиш, давлат идоралари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида сўзлаб берди.
Ф. Ҳант хоним Си-Айда глобал миқёсда истеъмолчилар ҳақларини ҳимоя қилиш борасида олиб борилаётган ишлар, бу борада унга аъзо истеъмолчилар ташкилотлари билан йўлга қўйилган ҳамкорлик принциплари ва йўналишлари хусусида сўзлаб берди.

photo_2018-07-12_13-46-53 (4).jpg

 

Учрашув чоғида томонлар Си-Ай билан федерация ўртасида қалин ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишга оид масалалар юзасидан фикр алмашди. Шунингдек Ўзбекистон истеъмолчидар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси раиси Ж.Саримсоқовнинг номзоди Халқаро истеъмолчилар ташкилотининг (Consumers International – Си-Ай) Бошқарув Кенгаши аъзолигига илгари сурилди.

Учрашувда Ўзбекистон Республикасининг Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллигидаги элчихонаси ходимлари иштирок этди.

Таъкидлаш жоизки, собиқ иттифоқ мамлакатлари орасида Ўзбекистон биринчи бўлиб Халқаро истеъмолчилар ташкилотининг тўлақонли аъзоси бўлди, Россия ва Озарбайжон хали тўлиқ аъзоликка қабул қилинмаган.

 

UZ24: ХАБАР ВА ЯНГИЛИКЛАРНИ TELEGRAM'ДА ҲАМ КУЗАТИБ БОРИНГ

Шархлар
Реклама