Ислом Каримовнинг келини Президентни хотирлади
30 янвuary 2018, 20:46 1139 кўрилди

alt
Таклифа КАРИМОВА, Самарқанд шаҳридаги "Қўшбаққолли" маҳалла фуқаролар йиғини раиси:

– Мен бўлғуси Президент оиласига 1964 йилда келин бўлиб тушганман. Тўйнинг эртаси куниёқ бу оилада ўзаро иноқлик, меҳр, илмга ташналик бениҳоя юқори эканини англаганман. Ислом Каримов оилада еттинчи фарзанд бўлиб, опаси Меҳринисо ҳамда ака-укалари билан аҳил-иноқ яшар, улар билан ўзаро илмий ва ақлий тортишувлар қилиб турарди. Айниқса, турмуш ўртоғим Қуддус Каримов билан фан, спорт, таълим-тарбия, диний ва дунёвий билимлар борасида мудом баҳслашарди. Ўша пайтларда Ислом Каримов Чкалов номидаги Тошкент авиация ишлаб чиқариш бирлашмасида ишлар, Самарқандга ҳар икки-уч ойда келиб турарди. Ҳар келганида хўжайиним билан тарих, иқтисодиёт ва астрономия соҳасида фикр алмашарди, тонггача баҳслашишарди. Бир сафар "Дадаси, укангиз ёш бўлса-да, катталардек фикрлайди, онг, тафаккур доираси ўта кенг. Бунинг сабаби нимада?", деб сўрадим. "Китобни севишида, мутолаа қилиш, ўқиб-изланишдан эринмаганлигида", деди ва бир воқеани айтиб берди. "Уруш йилларидан кейин отамиз Абдуғани ака Иштихон туманидаги "заготконтора" (ўша вақтда шундай номланган)га ишга ўтди ва шу сабабли Ислом Митан шаҳарчасидаги мактаб-интернатда таҳсил олди. Тўртинчи синфда ўқиб юрганида 2-синф ўқитувчиси қаттиқ бетоб бўлиб қолади ва уч-тўрт ой мактабга кела олмаслиги ойдинлашади. Шунда мактаб-интернат директори 4-синф ўқувчиси – укам Исломга ишонч билан ўша синф ўқувчиларини ўқитиб туришни топширади. Ёш Ислом бу ишончни оқилона уддалаш учун кечалари ухламай ўқийди, ўз устида ишлайди. Натижада уч ой давомида ўқувчиларни ўқитувчидан кам бўлмай ўқитади. Унинг бу салоҳияти нафақат мактабда, балки туманда алоҳида эътироф этилади".

Ислом Каримов ана шундай чуқур билим, истеъдод ва иқтидор эгаси эди. Буни мен яқин одами, қариндоши сифатида эллик йиллик ўзаро муносабатларимиз давомида теран англаганман.

Манба: "Зарафшон" газетаси

Шархлар
Реклама