Илҳом Неъматов: Ислом Каримовни ўзаро суҳбатларда "сиёсатнинг метин қояси" деб таърифлашар эди
12 июл 2018, 11:32 1390 кўрилди

alt

Каримов фонди Алоҳида топшириқлар бўйича элчи, Фавқулодда ва мухтор элчи Илҳом Неъматовнинг Биринчи Президент билан боғлиқ хотираларини эълон қилди.

“Ташқи ишлар вазири ўринбосари, сўнг вазирнинг биринчи ўринбосари лавозимларида фаолият юритганман, айни чоқда, Ўзбекистоннинг ШҲТдаги миллий мувофиқлаштирувчиси вазифасини бажарганман. Ўша пайтларда хизмат вазифамга кўра, Ўзбекистон Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг МДҲ, ШҲТ, КХШТ, Евроосиё иқтисодий иттифоқи саммитларидаги иштироки, шунингдек, хорижий сафарлари бўйича тайёргарлик ишларини олиб боришимга тўғри келган.

МДҲ минтақасида Ислом Каримов тажрибали, узоқни кўра биладиган ва прагматик сиёсатдон сифатида улкан обрў қозонган эдилар. Ўзаро суҳбатларда у кишини “сиёсатнинг метин қояси” деб таърифлашар эди. У кишини биринчи галда ўз нуқтаи назарини ҳимоя қилишдаги саботу қатъияти боис ҳурмат қилишар эди. У киши дунёда рўй бераётган ҳодисалар юзасидан ҳеч қачон популистик баёнотлар бермаганлар, сиёсий ўйин қилмаганлар. Бошқаларга ёқадими, йўқми — бундан қатъи назар, ҳамиша, энг аввало, Ўзбекистон манфаатларидан келиб чиқиб ўз фикрларини билдирганлар. Ислом Абдуғаниевич сўз бердими, албатта унинг устида чиқади — буни барча яхши билар эди.

МДҲнинг норасмий саммитларида, гарчи нотиқлар навбати алифбо тартибига кўра белгиланса-да, Ислом Абдуғаниевичга биринчи бўлиб сўз берилар эди. Бу борада Ўзбекистон етакчисига юксак ҳурматдан далолат берувчи бир воқеа ёдимда қолган. 2001 йил 30 ноябрда Кремлнинг Георгий залида Россия президенти номидан МДҲнинг 10 йиллиги муносабати билан қабул маросими ташкил этилди. Маросимда Россиянинг биринчи президенти Б.Елсин ҳам қатнашди. В.Путин Ислом Каримов шаънига илиқ сўзлар айтиб, у кишидан биринчи бўлиб сўзга чиқишни сўради. Ислом Абдуғаниевич юксак одоб намунасини кўрсатиб, ҳамкасблар орасида у кишидан ёши улуғ президентлар ҳам борлигини айтдилар. Аммо бу пайтда МДҲнинг бошқа етакчилари гулдурос қарсаклар ила Россия раҳбарининг таклифини қўллаб-қувватлаётган эди.

Ислом Абдуғаниевич минтақавий бирлашмалар доирасида муҳокама этилган масалаларда қатъий позицияга эга бўлганларини алоҳида қайд этиш жоиз. Зеро, кўплаб экспертлар Ўзбекистон етакчисининг позицияси туфайли МДҲ, ШҲТ каби минтақавий ташкилотлар мунозаралар клубига айланиб қолмади, сиёсийлашиб кетмади, дея таъкидлаши ҳам бежиз эмас. Бу ўринда ШҲТнинг бугунгидек минтақавий хавфсизлик ва барқарор иқтисодий ҳамкорликни таъминловчи муҳим тузилмага айланишида ҳал қилувчи рол ўйнаган бир жиҳатни эслаб ўтиш жоиз. Айнан Ислом Каримовнинг ташаббуслари билан ШҲТ Низомига ушбу таъриф киритилган эди: “ШҲТ — бошқа мамлакатлар ва халқаро ташкилотлар билан мулоқот учун очиқ ташкилотдир. ШҲТ доирасидаги ҳамкорлик учинчи мамлакатлар манфаатига қарши қаратилмаган”.

UZ24: ХАБАР ВА ЯНГИЛИКЛАРНИ TELEGRAM'ДА ҲАМ КУЗАТИБ БОРИНГ

 

UZ24: ХАБАР ВА ЯНГИЛИКЛАРНИ TELEGRAM'ДА ҲАМ КУЗАТИБ БОРИНГ

Шархлар
Реклама