Хориждаги таниқли ўзбек кардиожарроҳи Ўзбекистонга қайтди

янв 09 / 2018

alt

Халқаро тиббиёт доираларида таниқли бўлган кардиожарроҳ, тиббиёт фанлари доктори Қаландар Бобожонов Ўзбекистонга қайтиб, ўзининг касб фаолиятини давом эттиришга қарор қилди, деб хабар беради "Жаҳон" АА.

Қаландар Бобожонов Украина тиббиёт фанлари академиясининг Н. Амосов номидаги юрак-қон томир жарроҳлиги Миллий институтида бош маслаҳатчи бўлиб ишлайди. "Президент Шавкат Мирзиёевнинг хориждаги юртдошларимизни Ватан равнақига ўз ҳиссаларини қўшишга даъват этгани шифокорни шу қарорга келишига сабаб бўлди", қайд этилади нашрда. 

Қ. Бобожонов Ўзбекистонда биринчи бўлиб Фонтен, Глен Биглен операциялари тажрибасини, мураккаб туғма юрак нуқсони ҳолатида артериал жарроҳлик, юрак-ишемик касаллиги бўлгани ҳолатида ишлаб турган юракда аортокоронар шунт ўрнатишни амалиётда қўллаган. У 2002 йили “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган соғлиқни сақлаш ходими” фахрий унвонига сазовор бўлган. Олим ўзининг меҳнат фаолияти давомида Лусака (Замбия)даги Университет шифохонасининг Кардиожарроҳлик марказига асос солган. 

Қ. Бобожонов юрак патологияси билан боғлиқ 200 дан зиёд, турли патологиялар ҳолатида очиқ юракда ҳаммаси бўлиб 8000 операция ўтказган. Жумладан, митрал ва аортал клапанларни протезлаш, икки клапанли протезлаш, Фалло тетрадаси касаллиги ва бошқа мураккаб туғма нуқсонлар билан боғлиқ операцияларни амалга оширган.

1986 йили Қ. Бобожонов собиқ иттифоқ олий аттестация комиссияси қарорига биноан, юрак-қон томирлари жарроҳлиги бўйича тиббиёт фанлари номзоди илмий даражасини олган. 2004 йили эса Украина олий аттестация комиссияси қарорига биноан, юрак-қон томирлари жарроҳлиги бўйича тиббиёт фанлари доктори бўлган. У олти нафар фан номзодини ҳамда бир нафар фан докторини тайёрлаган. 

Олим турли табобат нашрларида чоп этилган 271 илмий мақоланинг ҳамда “Болалар кардиожарроҳлигида анестезиологик таъминот ва интенсив терапия” номли монографиянинг муаллифи ҳисобланади.

UZ24: Хабар ва янгиликларни Facebook ҳамда Telegram'да ҳам кузатиб боринг

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *