Халқаро Пресс-клубда 2017-2018 ўқув йилига абитуриентлар қабули муҳокама қилинди

июн 07 / 2017

alt

Бугун Халқаро Пресс-клубнинг навбатдаги анжуманида Ўзбекистон олий таълим тизимидаги олиб борилаётган ислоҳотлар ва 2017-2018 ўқув йилига абитуриентлар қабули муҳокама қилинди. 

Матбуот анжуманининг спикери сифатида Олий ва ўрта-махсус таълим вазири биринчи ўринбосари, техника фанлари доктори, профессор Иномжон Маджидов, Вазирлар Махкамаси ҳузуридаги Давлат Тест Маркази директори, техника фанлари доктори, профессор Маджит Каримов, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ректори, техника фанлари доктори, профессор Авазжон Марахимов, Ислом Каримов номидаги Тошкент Давлат техника университети ректори, техника фанлари доктори, профессор Садритдин Туробжонов, Тошкент тиббиёт академияси ректори, тиббиёт фанлари доктори, профессор Лазиз Туйчиев, Тошкент Давлат юридик университети ўқув ишлари бўйича проректори, юридик фанлар номзоди Мансурхон Камалов чиқиш қилишди. Шунингдек, сессияда вазирлик ва идоралар, университет вакиллари, экспертлар, маҳаллий ва хорижий ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Ўзбекистон Президентининг 2017 йил 5 майдаги “2017/2018 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш тўғрисида”ги Қарорига кўра, бу йил қабул квотаси ўтган йилга нисбатан деярли 10 мингтага (14%), 57 907 дан 66 316 тага кўпайтирилди. Шунингдек, тўлов-контракт пулининг оширилган ставкаси бўйича қўшимча қабул жорий этилмоқда. 2016 йилда тахминан 663 минг киши ОТМларга ҳужжат топширган бўлса, бу йили абитуриентлар сони 700 мингдан ортиқ бўлиши кутилмоқда.

Пресс-клуб пресс-релизида қайд этилишича, таълим даргоҳлари ўртасида халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида хорижий муассасалар билан биргаликда “икки диплом”  (Double Degree) интеграцияланган магистрлик дастурлари, иқтидорли ўқитувчилар учун академик ҳаракатлар (Academic Mobility Programs) лойиҳаларини жорий этиш, шунингдек, 1 семестр давом этувчи талабалар алмашинуви (Student Exchange and Mobility Programs)ни йўлга қўйиш таклиф этилмоқда.

Олий таълим тизимини янада ривожлантириш дастурига асосан Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси очилади. Идоранинг асосий мақсади – таълим ва ўқув-тарбия жараёнлари сифати устидан самарали давлат назоратини ўрнатиш.

Анжуманда муҳокама қилинган қўшимча қабул бўйича маълумотлар кейинги хабарларда берилади. 

UZ24: Хабар ва янгиликларни Facebook ҳамда Telegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *