Халқ таълими вазирлиги: ортиқча қоғозбозлик ва ҳисоботбозлик ўқитувчиларнинг ташаббускорлигига салбий таъсир кўрсатмоқда

июн 14 / 2018

Картинки по запросу зарплати вчителям

Халқ таълими вазирлиги умумий ўрта таълим муассасаларида ортиқча қоғозбозлик ва ҳисоботбозликка чек қўйилмаганлиги педагог ходимларнинг ташаббускорлиги ва масъулиятига салбий таъсир кўрсатаётганини таъкидлади. Бу вазирлик норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг муҳокамаси порталида эълон қилган «Халқ таълими тизимидаги педагог ходимларнинг ижтимоий мавқеини янада оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарор лойиҳасида санаб ўтилган педагог ходимларнинг ижтимоий мавқеига таъсир қилаётган тизимли муаммо ва камчиликлардан бири сифатида кўрсатилган.

Ҳужжатда қайд этилишича, халқ таълими муассасалари ходимларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва моддий рағбатлантириш тизимига етарли даражада эътибор қаратилмагани халқ таълими тизимига юқори малакали мутахассислар ва педагог ходимларни жалб этиш, хусусан халқ таълими бошқарув органларида барқарор кадрлар захирасини шакллантириш имконини бермаяпти.

Давлат органлари томонидан халқ таълими муассасаларига уларнинг фаолият йўналишига тегишли бўлмаган вазифаларнинг юклатилиши умумий ўрта таълим бўйича ягона давлат сиёсатини амалга ошириш бўйича уларнинг зиммасидаги биринчи даражадаги вазифаларни бажариш учун мавжуд куч ва воситалардан оқилона фойдаланиш имконини бермаяпти.

Халқ таълими муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, сақлаш ва ундан фойдаланиш учун талаб қилинадиган маблағларнинг етарли даражада ажратилмаслиги ва муассасанинг ҳаражатлар сметасида кўрсатилмаган молиявий ҳаражатларни талаб қиладиган топшириқларнинг берилиши таълим муассасаси раҳбарияти билан педагоглар 
ва ота-оналар ўртасида коррупция ҳолатларининг келиб чиқишига сабаб бўлмоқда.

Халқ таълими муассасалари фаолиятига ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, уларни замонавий воситалар ва ускуналар билан жиҳозлашнинг суст амалга оширилаётганлиги, таълим бериш жараёнига илғор педагогик технологияларнинг етарли даражада қўлланилмаслиги натижасида умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларининг билим даражаси пастлигича қолмоқда.

Педагог ходимларни мақсадли тайёрлаш тизимининг етарли даражада йўлга қўйилмаганлиги, қишлоқ ва олис ҳудудларда умумий ўрта таълим муассасалари педагог ходимлари учун қулай шарт-шароитлар яратилмаганлиги республиканинг олис ва чекка ҳудудларида жойлашган умумий ўрта таълим муассасаларида айрим фанлар бўйича мутахассислар етишмаслигига олиб келмоқда.

UZ24: Хабар ва янгиликларни Telegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *