Халқ таълими вазири Самарқанддаги 35-45 йиллар давомида капитал таъмирланмаган мактабларда бўлди

июл 10 / 2018

alt

Президент топшириғига асосан жорий йилнинг 4 июль куни Халқ таълими вазири Ш.Шерматов Самарқанд вилоятида бўлди, деб хабар беради вазирлик матбуот хизмати.

Ташриф давомида Самарқанд вилоятидаги таълимни такомиллаштириш бўйича жорий ҳолат ўрганилди. Вазир Самарқанд вилоятидаги мактаб таълими бўйича тизимли камчиликлардан ташвишга тушди. Шунингдек, бир қатор мактаблар ачинарли аҳволда эканлиги, 35-45 йиллар давомида капитал таъмирланмагани, жорий таъмир учун ҳам маблағлар чекланган миқдорда бир неча йил аввал ажратилгани маълум бўлди.

Хизмат сафари давомида қуйидаги муаммо ва камчиликлар аниқланди:

1. Самарқанд вилоятидаги 18 та мактаб тўлиқ реконструкцияга, 349 та мактаб капитал таъмирга муҳтож.
2. 336 та мактабда жисмоний тарбия  дарсларини ўтиш ва ўқувчиларни спорт билан шуғуллантириш учун спорт заллари мавжуд эмас.
3. 629 та мактаб ҳудудининг атрофи ўралмаган, натижада ўқувчи-ёшлар хавфсизлиги етарлича таъминланмаган.
4. Шунингдек, 474 та мактабда таълим олувчилар сони мактаб сиғимидан 50 % га ортиқ экани, бунинг натижасида ўқув жараёни икки навбатда ўтказилаётгани таълим жараёнига салбий таъсир кўрсатмоқда. Айниқса, Самарқанд шаҳрида сўнгги йилларда кўп қаватли уйлар кўп қурилганига қарамай, аҳоли учун қўшимча мактаблар қурилмаган.
5. Кўпчилик мактаблар фаолиятини тегишли даражада йўлга қўйиш учун оддий маиший шароитларга эга эмас.
6. Айниқса чекка туманлардаги мактаблар филиаллари билан боғлиқ ишлар ёмон аҳволда. Филиал мақоми сабабли улар кўпинча капитал ва жорий таъмирлаш бўйича дастурлардан тушиб қолган.

Ш.Шерматов Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғига ўз фаолиятини қайта кўриб чиқиш ва энг муаммоли масалалар бўйича тезкор чоралар кўриш вазифасини топширди. Ўрганиш жараёнида аниқланган тизимли муаммоларни ҳал қилиш бўйича таклифлар тайёрланаётган тегишли қарор лойиҳаларига киритилади.

UZ24: Хабар ва янгиликларни Telegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *