Ўзбекистондаги қатор коллеж ва академик лицейларда ҳужжат қабул қилиш вақтинча тўхтатилди
30 июн 2017, 09:05 4012 кўрилди

alt

Ўзбекистондаги қатор касб-ҳунар коллежи ва академик лицейларида 9-синф битирувчиларидан ҳужжат қабул қилиш тўхтатиб қўйилди. Ўрта махсус, касб-ҳунар таълим маркази ушбу хабарни UZ24га тасдиқлади.

UZ24 бу ҳолат юзасидан Бухоро, Фарғона, Навоий вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳридаги коллеж ва лицейлар билан боғланганда вазирликдан тегишли буйруқ бўлмагани учун ҳозирча уларда ҳужжат қабул қилинмаётганлиги маълум қилинди. Самарқанд, Қарши ва Нукуснинг айрим коллежларида эса битирувчилардан ҳужжат қабул қилиш жараёни давом этмоқда.

Ўрта махсус ихтисослашган таълим маркази вакилининг сўзларига кўра, ҳар йили ҳужжат қабул қилиш жараёни 20 июндан 30 июнгача бўлиб ўтган. Бу йили 9-синф битирувчиларининг ота-оналари ўртасида 11 йиллик таълимни қайта тиклаш борасида (18 июнь куни — Тошкент шаҳрида, 20 июнда — республика бўйлаб) ўтказилган сўров якунлари номаълумлиги сабабли ҳужжатлар қабул қилинмаяпти.

Пойтахтдаги бир қанча мактаблар ҳали битирувчиларнинг аттестатлари коллеж ва лицейларга юборилмаганини UZ24га тасдиқлади.

“Аттестатлар қонун бўйича ўқувчиларнинг қўлига топширилмайди, улар мактабда сақланади. ХТВга мактабларда 10–11 синфлар очилиши бўйича сўров натижалари маълум бўлиши билан ҳужжат қабул қилиш бошланади”, — қўшимча қилди марказ вакили.

Халқ таълими вазирлиги матбуот хизматидан UZ24га хабар берилишича, ўрта махсус таълим масканида ўқишни истаган ўқувчи мактаб ўқитувчиси билан бирга ўзи танланган коллеж ёки лицейга бориб ҳужжат топшириши мумкин. Аввалги йиллари ҳужжат қабул қилиш 30 июнгача давом этган бўлса, жорий йилда бу муддат узайтирилиши мумкин.

“Ҳозир биз 9-синф битирувчиларининг ота-оналари ўртасида ўтказилган сўров натижаларини таҳлил қиляпмиз. Натижалар ҳисоб-китобидан сўнг мактабларда 10–11 синфлар очилиши масаласи аниқ бўлади”, — хабар беради вазирлик матбуот хизмати.

UZ24: Хабар ва янгиликларни Facebook ҳамда Telegram'да ҳам кузатиб боринг

Шархлар
Дилфуза
  25 июн 2018, 14:13
2018 йил хам коллежларга кабул килишингизни сурайман.Айникса Тошкент юридик коллежига.Мухтарам призентимизнинг 3666 чи карорлари буйича кабул булмайди дейилмаган.
Реклама