Ўзбекистонда яна бир нуфузли хориж институтининг филиали очилиши кутилмоқда

июл 16 / 2018

alt

Москва шаҳрига ташриф буюрган Ташқи ишлар вазири ўринбосари Абдужабар Абдувахитов Россия ТИВ қошидаги Москва давлат халқаро муносабатлар институти (университет) проректори Артём Малгин билан учрашди.

Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабарига қараганда, суҳбат чоғида Тошкент шаҳрида МДХМИ филиалини очишга доир амалий масалалар муҳокама қилинган. Хусусан, мазкур филиалда мутахассисларни тайёрлаш йўналишлари, халқаро муносабатлар, бизнес, кўргазмавий фаолият ва туризм каби истиқболли соҳаларида юқори малакали кадрлар билан таъминлаш масалалари тўғрисида сўз борди.

Шу куннинг ўзида Ташқи ишлар вазири ўринбосари Абдужабар Абдувахитов ва Ўзбекистон Элчиси Баҳром Ашрафхонов Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети талабалари учун ўтказилган “Халқаро журналистика, маданий дипломатия ва жамоатчилик билан алоқалар” йўналиши бўйича МДХМИнинг икки ҳафтали таълим дастури ёпилиш маросимида қатнашишди.

Курсларнинг сўнгги кунида тингловчилар қаршисида Россия Президентининг халқаро маданий ҳамкорлик бўйича махсус вакили Михаил Швидкой ва биринчи каналнинг “Ҳайрли тонг” дастури бошловчиси Дилбар Файзиева маъруза ўқиди.
Машғулотлар якунида дастурнинг 28 иштирокчиси сўнгги аттестация сифатида ўз тақдимотларини муваффақиятли ҳимоя қилди ва МДХМИ сертификатини олишди.

 

UZ24: Хабар ва янгиликларни Telegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *