Ўзбекистонда Home shopping – телевизион дўкон пайдо бўлади

сен 14 / 2018

alt

Ўзбекистон МТРК ва «HomeShoppingMedia» масъулияти чекланган жамияти 2018 йилнинг 12 сентябрь куни интерактив телевидение – DRTV форматдаги Home shopping (жонли мулоқот телевидениеси) фаолиятини йўлга қўйиш масаласида ҳамкорлик меморандумини имзолади. Бу ҳақда ЎзМТРК раиси Алишер Хўжаев маълум қилган.

Home shopping – телевизион дўкон (теледўкон, «уйда ўтириб харид қилиш дўкони») – ўз теледастурлари орқали томошабинлар эътиборига турли истеъмол товарларини уйда ўтирган ҳолда харид қилишга имкон борлигини намойиш этиб боради.

Теледўкон товарлар тақдимотини уюштириш билан бир қаторда улардан фойдаланиш тартиби, таклиф этилаётган савдо шакллари, нарх-навоси ва сотувчининг телефон рақами ҳақида батафсил маълумот етказиб беради. Теледўконлар сутка давомида 24 соат узлуксиз ёки маълум бир белгиланган аниқ вақтларда эфирга чиқиши мумкин.

Бу каби теледўконлар фойдаланувчилар орасида кенг оммалашиб кетишига бир қанча сабаблар бор, яъни: чакана савдо расталарига нисбатан арзонлиги, қулай нархлари, харидор ўзига ёққан товарга исталган вақтда телефон орқали буюртма бериш имкони борлиги, уйдан чиқишга ҳожат йўқлиги, сотувчидан товар ҳақидаги барча маълумотларни ва экспертлар хулосасини билиб олиши мумкинлиги ва ҳоказо.

Ушбу лойиҳа орқали Ўзбекистон МТРК бир томондан ўз аудиториясини яна бир янги форматдаги ахборот-кўнгилочар телевидение билан хурсанд қилса, иккинчи томондан шу йўл билан масофавий савдо уюштириш ва бу орқали қўшимча маблағлар ишлаб топишни режалаштирилган.

Томонлар жонли мулоқот телевидениеси шаклидаги янги интерфаол форматли ахборот-кўнгилочар тижорат телеканалини ишга тушириш ва унинг имкониятларини ўрганиш борасида ҳамкорликни йўлга қўймоқда.

Шу билан бирга, томошабинлар аудиториясининг бу шаклдаги телеканал фаолиятига билдирган муносабатлари бўйича статистик маълумотлар тўпланиб, таҳлил қилиб борилади.

Яқин кунларда ушбу лойиҳани ишга тушириш, уни синовдан ўтказиш ва тегишли таклифлар тайёрланишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон МТРК тизимидаги телеканалларда туркум теледастурларни эфирга узатиш режалаштирилмоқда.

UZ24: Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *