Ўзбекистонда алимент тўламаганларнинг ҳайдовчилик гувоҳномаси олиб қўйилиши мумкин

июл 19 / 2018

alt

Ўзбекистонда алимент тўламаган қарздорларни транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан вақтинча маҳрум қилиш амалиётини жорий этилиши мумкин. 

18 июль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси томонидан ташкил этилган давра суҳбатида “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонунга ўзгартириш киритиш таклифи илгари сурилди. 

Хусусан, алимент олиш ҳуқуқига эга бўлган вояга етмаганларни қўллаб-қувватлаш бўйича жамғарма ташкил этиш мақсадга мувофиқлиги таъкидланди. Бундан ташқари, жамғарма томонидан тўлаб берилган маблағлар қарздор томонидан мажбурий тартибда ундириб олиниши, мазкур йўналишда самарали механизмни юзага келтириши имкони мавжуд экани қайд этилди. Масалан, қатор хорижий давлатлар тажрибасидан келиб чиқиб, бу борада қарздорларни транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан вақтинча маҳрум қилиш амалиётини жорий этиш таклифи билдирилди. 

Маълумотларга қараганда, 2017 йил мобайнида судларга алимент мажбуриятлари бажарилмаслиги билан боғлиқ 47,4 мингта, 2018 йилнинг биринчи чорагида эса 11,8 мингта ариза келиб тушган. 2018 йилнинг 1 июнь ҳолатига кўра, давлат ижрочиларида 245,4 мингта алимент ундириш бўйича ижро ҳужжатлари мавжуд, шундан 60 мингтаси (24 фоизи) иш ҳақидан ундиришга қаратилган. Алимент тўламаётган 2,3 минг нафардан зиёд фуқарога нисбатан қидирув эълон қилинган. 180 минг нафар қарздор ота ёки она доимий даромад манбаига эга эмаслиги туфайли алимент тўлай олмаётгани аниқланган.

Шунингдек, фарзандга тўланадиган алимент учун банкда махсус ҳисоб-рақамини очиш ҳамда алимент пулини фақат боланинг ўз эҳтиёжлари учун сарфланишини таъминлашга шароит яратадиган амалиётни йўлга қўйиш бўйича таклиф берилди.

UZ24: Хабар ва янгиликларни Telegram'да ҳам кузатиб боринг

 

 

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *