Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ташкил этилди
25 мая 2018, 09:35 2161 кўрилди

alt

Ўзбекистонда Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ташкил этилди.  Президент Шавкат Мирзиёев 24 май куни бу ҳақдаги қарорни имзолади.

Ҳужжатга мувофиқ, университет оммавий ахборот воситалари соҳаси учун журналист кадрлар, шу жумладан, юқори малакали, бир неча хорижий тилларни мукаммал биладиган халқаро журналистлар ҳамда илмий-педагог кадрларни тайёрлаш, илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш, республикада медиатаълим тизимини яратиш, соҳа ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, мазкур йўналишларда илмий ва ўқув-методик материалларни ишлаб чиқиш бўйича таянч олий таълим муассасаси ҳисобланади.

Университетнинг тегишли таълим йўналишлари бўйича абитуриентларни олий таълим муассасасига ўқишга қабул қилиш кириш тест синовлари билан бир қаторда уларнинг касб лаёқатини аниқлашга қаратилган касбий (ижодий) имтиҳон (ёзма ва суҳбат шаклида) ўтказиш орқали амалга оширилади.

2018/2019-ўқув йилидан бошлаб Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ва Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида «Журналистика (фаолият турлари бўйича)» таълим йўналиши ва унинг негизидаги магистратура мутахассисликлари, шу жумладан, «Олий журналистика курслари» бўйича қабул тўхтатилади ҳамда ушбу таълим йўналиши ва унинг негизидаги тегишли магистратура мутахассисликлари бўйича таълим олаётган талабалар ўқишни битиргунларига қадар мазкур олий таълим муассасаларида ўқишини давом эттиради.

2019/2020-ўқув йилидан бошлаб Университетга талабаларни бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича қабул қилиш сони ҳар йили белгиланган тартибда тасдиқланадиган республика олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш квоталаридан келиб чиққан ҳолда белгиланади.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги кадрлар буюртмачиларининг эҳтиёжларини ўрганиб чиқиб, таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясига университетнинг сиртқи таълим шакли бўйича қабул квоталарини шакллантириш юзасидан таклиф киритади. Сиртқи таълим шакли бўйича қабул квоталари 2018/2019-ўқув йилида Университет бакалавриат таълим йўналишлари учун белгиланган қабул квоталарининг ўттиз фоизигача бўлган миқдорда белгиланади.

UZ24: Хабар ва янгиликларни Telegram'да ҳам кузатиб боринг

Шархлар
Реклама