Ўзбекистон ва Туркия истеъмолчилар ташкилотлари ҳамкорлик меморандумини имзолади

окт 26 / 2017

alt

Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси делегацияси жорий йилнинг 17-23 октябрь кунлари Туркия Истеъмолчилар ҳуқуқлари ассоциацияси таклифига биноан ушбу мамлакатга сафар қилди.

Унда Туркия Истеъмолчилар ҳуқуқлари ассоциацияси қароргоҳида Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси делегациясининг ушбу ташкилот раҳбарияти билан учрашуви бўлиб  ўтди. Учрашув сўнггида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Меморандумда ўзаро ахборот алмашув, қўшма лойиҳалар ва дастурларни амалга ошириш, тажриба алмашиш мақсадида экспертлар ва делегациялар алмашиш, қўшма иш гуруҳи, мувофиқлаштириш ва маслаҳат кенгашлари тузиш, симпозиум ва семинарлар ўтказиш ва ҳк. кўзда тутилган.

Ўша куни делегация аъзолари ассоциациянинг Анқара шаҳри Йенимаҳалла туманидаги шўъбаси ҳамда ушбу туман маъмурияти қошидаги Истеъмолчиларнинг ҳакамлик қўмитаси фаолияти билан яқиндан танишди.

Қайд этиш лозимки, Consumers International – Халқаро истеъмолчилар ташкилотининг аъзоси бўлган Туркия Истеъмолчилар ҳуқуқлари ассоциациясининг бугунги кунда бутун мамлакат бўйлаб 36 та шўъбаси ва 13 мингдан ошиқ аъзоси бор.

Туркия пойтахти Анқара шаҳридаги тадбирлар ниҳоясига етгандан сўнг делегация аъзолари Истанбул шаҳрига келиб, мазкур ассоциация Кадикўй туманидаги шўъбасининг истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги фаолияти билан танишди. Шу билан бирга федерацияда бу борада қилинаётган ишлар хусусида ҳам сўзлаб берди.

Шу билан федерация делегациясининг Туркияга сафари ниҳоясига етди ва сафарнинг асосий муддаоси – икки ташкилот ўртасидаги муносабатларга асос бўлиб хизмат қиладиган ўзаро англашув меморандумини имзолаш ва тажриба алмашишга эришилди.

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ахборот хизмати

UZ24: Хабар ва янгиликларни Facebook ҳамда Telegram'да ҳам кузатиб боринг

 

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *