Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Ҳаж ҳақида фатвоси эълон қилинди

дек 01 / 2017

alt

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Ҳаж ҳақида Фатво эълон қилди. Унда Ҳажнинг фарз бўлиши учун кишида топилиши лозим бўлган шартлар, шунингдек, ҳаж сафарига отланишнинг тартиб-қоидалари, ахлоқ-одоблари баён этилган:

“Мўмин-мусулмонларимиз шуни яхши билиб олмоқлари лозимдурким, ҳаж амали инсон умрида бир марта бажариладиган улуғ ибодат бўлгани боис, унинг мукаммал адо этилиши учун нафақат моддий имкониятга эга бўлиш, балки унга жисмоний, руҳий ва маънавий тайёргарлик кўриш ҳам зарурдир. Зеро, ҳаж ибодатининг бешинчи рукн эканлиги ҳам бежизга эмас. Шунинг учун мусулмон киши беш вақт намозни адо этган, Рамазон рўзаларини тутган ва молининг закотини мустаҳиқларга берган бўлиши ҳам жуда муҳимдир. Қолаверса, ҳаж амаллари ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлиш Ҳажга отланган ҳар бир кишининг зиммасига лозимдир.

Кейинги йилларда юртимиздан ҳаж сафарига боришни ният қилган мусулмонларнинг сони ортиб бормоқда. Маҳаллаларда ҳажга боришни ихтиёр қилган фуқаролар навбатлари келишини интизорлик билан кутмоқдалар. Шу нуқтаи назардан, муҳтарам фуқароларимизга шуни таъкидлаб ўтмоқчимизки, ҳажга бориш имкониятини қўлга киритиш нафақат навбатнинг келиши билан, балки ўтган вақт давомида эл-юртга хизмат қилиш, маҳалла аҳлига моддий ва маънавий кўмак бериш, адашган инсонларни тўғри йўлга солиш каби савобли ишларни қилишда ҳаммага ўрнак ва намуна бўлиш, шу билан маҳалла аҳли ва мўмин-мусулмонлар томонидан ҳажга боришга ҳақли, деб эътироф этилишига кўпроқ боғлиқдир. Зеро, ҳожи деган номга сазовор бўлиш қанчалик шарафли бўлса, уни қўлга киритиш шунчалик машаққатли эканини ҳам идрок этмоқ лозим.

Ўтган йиллар давомида Ҳаж сафарига бораётган фуқароларимизнинг ҳолатини кузатиш асносида шу нарсага ҳам гувоҳ бўлмоқдамизки, айрим кишилар ўзлари ҳажга боришга на моддий имконияти ва на рағбати бўлган ҳолда ёки соғлиги яхши эмаслиги ёхуд узоқ сафарга боришга лаёқатли эмаслигига қарамасдан уларнинг ўғил-қизлари гўёки ўз фарзандлик бурчларини бажариш ёки эл-юрт орасида сохта обрў топиш мақсадида ота-оналарини ҳаж сафарига жўнатаётганлари, охир-оқибат ҳаж амалларидаги машаққатлар улар учун оғир туюлиб, ибодатларни мукаммал адо этишга беэътибор бўлинаётган ҳолатлар ҳам учраб турибди. Ҳолбуки, ҳаж ибодатининг мақбул бўлиши ҳаж қилаётган кишининг одоб-ахлоқининг гўзал бўлишига ҳам боғлиқ бўлиб, бировлар билан жанжаллашиш, бошқаларга малол келтирадиган хатти-ҳаракатлар қилиш ҳам ҳаж амалига путур етказади.

Қайд этилганларни эътиборга олиб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Ҳаж ҳақида қуйидаги Фатвони эълон қилади:

1.Ҳажга бориш учун талабгорларда ҳажнинг фарз бўлиши учун ҳур, болиғ, оқил, соғлом бўлиш ҳамда аслий ҳожатларидан ва қайтиб келгунича оиласини таъминлашга қолдирадиган нафақадан ташқари ҳажга бориб келишига етадиган маблағга қодир бўлиш, шунингдек, йўлнинг тинч ва очиқ бўлиши каби зарур шартларнинг мавжудлигига эътибор қаратилсин. Бунда жойлардаги имом-хатиблар маҳалла фаолларига бевосита кўмаклашсинлар.

2.Нафақат моддий имконият балки, юриш-туриш ва муомалада ўзгаларга ибрат ҳамда намуна кўрсатган, маънавий етук, Ислом динининг аввалги тўртта арконларини адо этиб келаётган фуқароларнинг номзодини ҳажга борувчилар рўйхатига киритишга эътибор қаратилсин.

3.Ҳаж ибодати умр давомида бир марта фарз эканидан келиб чиқиб, ўтган йиллар давомида ҳаж ибодатини адо этишга муяссар бўлган фуқароларнинг навбатини ҳажга бормаганларга бериш мақсадга мувофиқдир.

4.Ҳажга бориш учун талабгорлар сонининг кўплиги нуқтаи назаридан, рўйхатда турганлар ёш жиҳатдан ва маҳалла аҳли орасидаги ҳурмат-эътиборига кўра ўзаро бир-бирларига мурувват қилишлари мақсадга мувофиқ бўлади.

5.Ҳажга бориш учун рўйхатга киритилган мусулмонлар ҳаж ибодати тўғрисида тўлиқ маълумотга эга бўлишларига эътибор қаратсинлар. Ушбу ишда имом-хатиблар мўмин-мусулмонларга амалий ёрдам кўрсатсинлар.

6.Ҳажга бориш учун талабгорлар маҳалладаги маънавий-маърифий ишларда фаоллик кўрсатиши, ёшлар тарбиясида, уларнинг турли жиноятларга қўл урмасликларида жонкуяр бўлиши тавсия қилинсин”.

Усмонхон Алимов,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий

UZ24: Хабар ва янгиликларни Facebook ҳамда Telegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *