Ўзбекистон Афғонистонга электр энергияси етказиб бериш ҳажмини кескин оширмоқчи

июл 11 / 2018

alt

Ўзбекистон ҳукумати жорий йилда Афғонистонга электр энергияси етказиб беришни, жумладан, транзит ҳисобига, кескин оширади. Бу “Ўзбекэнерго” АЖ 2018 йил учун фаолиятни молиявий соғломлаштириш ва самарадорлигини ошириш бўйича қабул қилинган “йўл харитаси”да кўрсатиб ўтилган, деб ёзади “Халқ сўзи”.

Ҳужжат доирасида “Ўзбекэнерго” жорий йил октябрь ойи якунига қадар Афғонистонга электр энергияси ва электротехника маҳсулотларини етказиб бериш ҳажмларини ошириш, шунингдек, қўшни давлатлар энергия тизимларидан электр энергияси транзити борасида хизматлар кўрсатиш бўйича шартномалар имзолаши керак.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон 2002 йилдан буён ҳар йили Афғонистонга ушбу давлат эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда тузилган тўғридан-тўғри шартнома асосида электр энергияси етказиб бермоқда. 2002 йилда бу борадаги етказиб бериш ҳажми 62 миллион кВт/соатни ташкил этган бўлса, 2017 йилга келиб мазкур кўрсаткич 200 миллион кВт/соатга етказилди. 2018 йилда эса қарийб икки млрд. кВт/соат шундай ресурс экспорт қилиш бўйича келишувга эришилган.

Мамлакатимизнинг истиқболдаги асосий вазифаларидан бири Афғонистонни Марказий Осиё ягона энергия ҳалқасига қўшишдир. Бу Сурхон – Пули-Хумри электр узатиш линияси қурилиши ҳисобига амалга оширилади.

Мазкур лойиҳанинг бошланғич қиймати 150 миллион долларни ташкил этади. Унинг 32 миллиони Ўзбекистонда, 118 миллиони Афғонистонда қурилиш ишларини олиб бориш учун йўналтирилади. Линиянинг умумий узунлиги 260 км. бўлиб, унинг 45 км.и юртимиз, 215 км.и эса Афғонистон ҳудудидан ўтади. Лойиҳага кетган сарф-харажатлар 12 йилда қопланади. Унинг ўтказиш қуввати 1000 МВт, яъни бир кеча-кундузда 24 миллион кВт/соат, бир йилда 6 миллиард кВт/соатгача электр энергияси етказиб беришга тенг.

Бундан ташқари, мамлакатимиз биринчи марта Тожикистондан электр энергиясини Афғонистонга транзит қилишни бошлади. “Ўзбекэнерго” АЖ маълумотларига кўра, шу пайтгача Сурхондарё электр тармоқларидан Афғонистонга 140 миллион кВт/соат электр энергияси транзит орқали юборилди.

UZ24: ХАБАР ВА ЯНГИЛИКЛАРНИ TELEGRAM'ДА ҲАМ КУЗАТИБ БОРИНГ

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *