Гитарада муаллифлик қўшиқларини ижро этувчилар учун янги танлов ташкил этилди
14 апрел 2018, 12:49 1072 кўрилди

alt

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи истеъдодларни кашф этиш ва уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида “Мажнунтол” деб номланган телевизион йўналишдаги лойиҳага қўл урди.  

Танлов гитарада куй чалиш, бард йўналишида куйлаш (бард — ўз шеъри ва мусиқаси асосида яратилган қўшиқ куйлайдиган киши) йўналишларидан иборат.

Кўрик-танловда 7 ёшдан 77 ёшгача бўлган гитарачи ва муаллифлик қўшиқлари ижрочилари (профессионал ва ҳаваскорлар) иштирок этишлари мумкин.

Маданият ва санъат арбоблари, эстрада хонандалари, композиторлар, шоирлар, гитарачилар ва соҳага доир олий ўқув юрти вакилларидан ташкил топган ҳайъат аъзолари 2-босқичли танловнинг иштирокчиларини саралаб боришади.      

Ушбу фестивалнинг тақдирлаш маросими 13 май куни  “Пикничок” ёшлар фестивали доирасида бўлиб ўтади.

Кўрик-танловнинг барча турлари «MY5» телеканалида трансляция қилинади. Ғолиблар диплом ва совғалар билан тақдирланадилар.

Бахтиёр Раҳмонов, фестиваль координатори:

— Кўрик-танлов ўз олдига жонли ижрони тарғиб қилиш, ёшлар орасидан истеъдодларни топиш ва уларни қўллаб-қувватлаш, ёш ижрочиларнинг репертуарини жаҳон ва миллий мусиқа дурдоналари ҳамда юртимизнинг ҳудудлардаги ўзига хос миллий мусиқаси билан бойитиш, жонли ижро борасида тажриба алмашиш ва бойитиш, болалар ва ёшларда мусиқий маданиятни тарбиялаш борасида мутахассисларга самарали ижод қилиши учун ижодий муҳит яратиш каби мақсадларни қўйган.

Шархлар
Реклама