Ўхшаш тасодиф: 9 ойлик гўдак танасидан 10 та игна топилди

июл 04 / 2018

alt

Тожикистоннинг Душанбе шаҳридаги Миллий тиббиёт маркази шифокорлари 9 ойлик гўдак танасининг турли жойларида 10 та игна борлигини аниқлашди, деб хабар қилмоқда Sputnik. Боланинг онаси 28 июнь куни гўдак милкида игналарнинг бирини пайқаб қолган ва уни чиқариб олган. Шундан сўнг улар касалхонага мурожаат қилишган.

Ўтказилган рентген натижасида, боланинг бош, бурун, оёқ, бўйин ва кўкрак қафас қисмларида игналар борлиги аниқланган. Дастлабки операция давомида 6 та игна чиқариб олинган.

Игналар қандай қилиб боланинг танасига тушиб қолгани ҳозирча номаълум. Операцияга қадар бола ўзини тинч тутган, уни бирор нарса безовта қилаётгани сезилмаган.

Боланинг отаси Россияда меҳнат мигранти, онаси – уй бекаси ва  болаларни бир ўзи тарбиялайди.

Эслатиб ўтамиз, худди шунга ўхшаш ҳодиса жорий йилнинг январь ойида Фарғона вилоятида ҳам кузатилганди. 11 ойлик чақалоқнинг танасида 15 дона игна борлиги аниқлангани ҳақида хабар қилган эдик.

Мазкур воқеа кўпгина тушунмовчиликларни келтириб чиқарганди. Кейинчалик бу ҳақда Фарғона вилоят прокуратураси суд-тиббий экспертизасининг 2018 йил 7 мартдаги 49-сонли хулосасига кўра, жарроҳлик операциясида А.Абдумажидовнинг қорин бўшлиғи ва унинг атрофида жойлашган ички аъзоларидан жами 10 дона игна ҳамда тўғри ичак ва сийдик қопи орасидан 1 дона сим бўлаги олиб ташлангани бўйича маълумот берганди. Игналар оғиз орқали организмга тушган бўлиши мумкин, гўдакнинг баданига ташқи томондан киритилганини характерловчи излар ва белгилар мавжуд эмаслиги кўрсатилган.

Энди ҳақли бир савол туғилади. Бирор ерингизга игна тугул юпқа параҳа кирса ҳам жонингиз қанчалар азобланади. Бу болаларнинг бирида 16 та, бирида 10 та игна тананинг турли жойида жойлашса-я. Бунга қандай изоҳ билдиришга ожизмиз.

Бу иккала ҳодисада ҳам болаларнинг оилавий шароити бир-бирига яқин. Бири 11 ойлик гўдак бўлса, яна бири 9 ойлик. Иккала оилада ҳам оила боши бўлган эр ишлагани бошқа давлатга кетган. Фарзандни боқиш эса ёлғиз она зиммасида қолмоқда. Фикрлар турлича, хулоса эса...

UZ24: Хабар ва янгиликларни Telegram'да ҳам кузатиб боринг
 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *