Cоғлиқни сақлаш вазири: Туғруқхонадан чиқиш маросимларидаги ортиқча дабдабозликлар чақалоқ саломатлигига салбий таъсир қилади
22 март 2018, 22:01 1224 кўрилди

alt

Соғлиқни сақлаш вазирлигида оилада фарзанд дунёга келиши муносабати билан ўтказиладиган маросимлар, айниқса, туғруқхонадан чақалоқни олиб чиқиш тадбирларидаги дабдабабозлик, миллий урф-одатларимизга зид бўлган турли ортиқча маросимларнинг олдини олиш бўйича тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати UZ24'га хабар қилди.

– Жорий йилнинг февраль ойида тегишли вазирлик, идора ва ташкилотлар билан ҳамкорликда “Оилада фарзанд туғилиши муносабати билан ўтказиладиган маросимлардаги дабдабабозликларнинг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар режаси” тасдиқланиб, ижрога киритилди. Тиббиёт ходимлари халқ орасига чуқур кириб, янги ва таъсирчан усулларда тарғибот ишларини олиб бормоқда, – дейди соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадманов. 

Хабарда таъкидланишича, айни вақтда тиббиёт муассасаларида акушер-кинекологлар, оила шифокорлари, патронаж ҳамширалар билан ҳамкорликда ҳомиладор аёллар, қайнона-қайноталар ўртасида алоҳида тарғибот ишлари ўтказилмоқда. Чақалоқ дунёга келиши билан ўтказиладиган ортиқча дабдабабозликдаги маросимларнинг янги туғилган гўдак ва она соғлигига салбий таъсири тиббий нуқтаи назардан тушунтирилмоқда. Айниқса, чақалоқ туғилгач, дастлабки 40 кун она ва бола соғлиги учун энг муҳим палла экани, бу муддат ичида қариндош-уруғларнинг йўқлови ҳам улар саломатлигига салбий таъсир қилиши ҳақида суҳбатлар ўтказилмоқда. 

Қайд этилишича, Тошкент шаҳрида ушбу тарғиботлар натижасида мингга яқин ёш оилалар туғруқ мажмуасидан чиқиш жараёнларини ортиқча дабдабаларсиз ўтказишди. Бугун уларнинг қамрови кенгайиб бормоқда.

 UZ24: Хабар ва янгиликларни Telegram'да ҳам кузатиб боринг

Шархлар
Реклама