Ботир Парпиев яна бир лавозимдан озод этилди

мая 23 / 2018

alt

19 май куни Миллий олимпия қўмитасида Ўзбекистон таэквондо WTF ассоциациясининг навбатдан ташқари сайлов Конференцияси бўлиб ўтди. Унда Давлат солиқ қўмитаси собиқ раҳбари Ботир Парпиев ассоциация раҳбарлигидан ҳам озод этилган, деб ёзади "Халқ сўзи".

Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати берган хабарга кўра, йиғилишда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси президенти маслаҳатчиси Комилжон Худойбердиев таэквондо (WTF) ассоциацияси раҳбарлиги учун шу кунгача Ўзбекистон таэквондо (ITF) миллий ассоциацияси президенти лавозимида фаолият кўрсатиб келган Лазиз Сайдивалиевич Ҳасанов номзодини кўрсатди. Баҳс-мунозаралардан сўнг Л.Ҳасанов номзоди қўллаб-қувватланган ва у Ўзбекистон таэквондо WTF ассоциацияси президенти лавозимига сайланган.

Янги раҳбар олдига маълум талаб ва вазифалар қўйилган. Жумладан, Лазиз Ҳасанов қисқа вақт ичида терма жамоаларга иқтидорли спортчилар етказиб бериш тизимини қайта кўриб чиқиши, мураббийлар малакасини оширишга эътиборни кучайтириши, Осиё ва Олимпия ўйинлари каби нуфузли мусобақаларда ўзбекистонлик таэквондочиларнинг муваффақиятли иштирок этиши учун зарур чоралар кўриши керак бўлади. 

Маълумот учун, Ботир Парпиев ассоциацияга 2008 йилдан бери раҳбарлик қилиб келаётганди.

Аввалроқ, Давлат солиқ қўмитаси раиси лавозимида ишлаб келган Ботир Парпиев лавозимидан озод қилиниб бошқа ишга ўтказилганди.

UZ24: Хабар ва янгиликларни Telegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *