Бош прокуратура Фарҳод Мамажонов қўлга олинганлиги ҳақидаги хабарларни рад этди
14 март 2018, 15:37 2095 кўрилди

alt

Бош прокуратура Фарҳод Мамажонов (InFinBank сайти маълумотларига кўра, банк акциядори — UZ24 таҳр.) ушлангани тўғрисидаги хабарларни рад этди

Аввалроқ интернет тармоғида Ўзбекистон собиқ бош прокурори Рашитжон Қодировга нисбатан қўзғатилган жиноят иши бўйича Ф.Мамажонов ушланганлиги ва унинг мол-мулклари олиб қўйилганлиги тўғрисида хабар тарқатилганди.

«Ушбу маълумот ҳақиқатга мувофиқ эмас», — дейилади Бош прокуратура хабарида.

Кеча, 12 март куни InFinBank'нинг Facebook'даги саҳифасида банк кенгаши раиси Мақсуд Абдусамадовнинг «норасмий ОАВ» томонидан «банк ҳақида тарқатилаётган салбий маълумотлар»га жавоби эълон қилинган эди.

«Муассасада ҳеч қандай текширув ёки ревизиялар ўтказилмаяпти. Мазкур маълумот тегишли расмий сўров орқали Бош прокуратура ва Марказий банкка юборилган ҳолда тасдиқланиши мумкин. Банк ҳеч қачон Латвия ва БААда корреспондентлик ҳисоб рақамларини очмагани ва эга бўлмаган», — дейилади хабарда. 

23 февраль куни Бош прокуратура томонидан собиқ бош прокурор Рашитжон Қодиров қўлга олингани маълум қилинганди. Унга нисбатан Жиноят кодексининг 165, 205, 210-моддалари билан жиноят иши қўзғатилган. 2 март куни мазкур жиноят иши бўйича Бош прокурорнинг собиқ ўринбосарлари ҳамда Тошкент вилоятининг собиқ прокурорлари Ж.Файзиев ва У.Суннатов ушланган

UZ24: Хабар ва янгиликларни Telegram'да ҳам кузатиб боринг

 

Шархлар
Реклама