Боғчада тушлик кечиккани учун мудира ва бир неча ходимлар ишдан бўшатилди

апр 06 / 2018

alt

2 апрель куни Ижтимоий тармоқларда "Боғчада тушлик кечикди – болалар оч ухлаб қолди" мавзусида видеоматериал тарқалган, деб хабар беради Мактабгача таълим вазирлиги  матбуот хизмати. 

Вазирлик томонидан видеоматериалда кўрсатилган ҳолатни аниқлаш учун тезкор ишчи гуруҳи ташкил этилиб, суриштирув ўтказилди.

Аниқланишича, ушбу видеотасвир Андижон вилояти Хўжабод туманидаги 1-мактабгача таълим муассасасининг ёзги ошхонасида 2 апрель куни соат 11.20да боғча тарбиячиси З.М. томонидан тасвирга олиниб, ижтимоий тармоқларга тарқатилган.

Ўтказилган тезкор суриштирув давомида ҳақиқатдан ҳам мазкур боғчада шу куни гўшт маҳсулоти белгиланган вақтидан кеч олиб келинганлиги сабабли тушлик ўз вақтида тайёрланмагани маълум бўлди.

Шу боис, ўз вазифасига совуққонлик билан қарагани ва боғча ёзги ошхонасида антисанитария ҳолатларини келтириб чиқаргани учун 1-МТМ омборчиси Алишер Аҳмедов, бош ошпаз Улуғбек Жалилов ҳамда ошпаз Абдужалил Султоновлар билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди, дейилади вазирлик хабарида.

Шунингдек, ўз ишида жиддий камчиликларга йўл қўйгани учун муассаса мудираси С.Абдуллаева эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

Мактабгача таълим вазирлиги ҳар бир ноқонуний ҳати-ҳаракат юзасидан ўз муносабатини билдириб, масъулиятсиз ходимларга кескин чора кўрилиши ҳақида яна бир бор огоҳлантиради.

UZ24: Хабар ва янгиликларни Telegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *