Бир она ҳикояси: фарзандни мактабга жойлаш шунчалик қийинми?

июл 04 / 2018

alt

“Фарзандимни биринчи синфга жойлаш жараёни мен учун азобга айланди. 20 июндан бошлаб 51, 43, 105-умумтаълим мактаблари ўртасида бўзчининг мокисига айланиб қолдим" — эътиборингизга Мария исмли аёлнинг ижтимоий тармоқдаги "Жамоатчилик назорати" гуруҳида эълон қилган ҳикоясини ҳавола қиламиз.

"Ҳаммаси 51-мактабга мурожаатимдан бошланди. Боламни биринчи синфга қабул қилишларини сўраб борганимда, у ерда комиссия аъзолари уларнинг микроҳудудига кирмаслигимизни ва ойнинг охирида мурожаат қилиб кўришимиз зарурлигини, балки ўшанда жой бўлиши мумкинлигини айтишди. Шу куннинг ўзидаёқ 43-мактабга қўнғироқ қилдим ва улар ўз миркоҳудудларига кирмаган болаларни қабул қиладиларми, йўқми деб сўрадим. Менга қабул қилмасликларини, аммо ойнинг охирида ҳар эҳтимолга қарши яна бир бор қўнғироқ қилиб кўришимни тайинлашди.

Шу вақт ҳудудимизга қарашли комиссия уйма-уй юришганининг гувоҳи бўлдим. Улар фуқароларнинг муаммоларини ўрганишарди. Мен ҳам уларга ўз муаммоимни билдирдим. Яъни бизнинг туманимизда рус тилида ўқитадиган мактаб йўқлигини айтдим. Бир ҳафтадан сўнг ҳокимиятдан хат келди ва унда бу йил 105 ва 70-мактабларда иккитадан рус тилида таълим бериладиган синфлар очилиши ҳақида ёзилганди. Севиндим.

Вақт ўтди, ой охири етиб келди. 51-мактабда яна ўша гап: фақат ўз микроҳудудига тегишли болаларни қабул қилишларини, аммо августда жой қолиши мумкинлигини айтишди. Тўғриси директорнинг ҳурмат билан гаплашгани ва ота-оналар билан мулоқотда сабр ва хотиржамликни унутмаслигига тан бериш керак.

Юнусобод тумани ХТБсига қўнғироқ қилдим. Маҳалламиз қайси микроҳудудга қарашли эканини аниқ билмоқчи бўлдим. Менга Гулчеҳра исмли қизнинг рақамини беришди, у эса қўнғироқларга жавоб беришни ҳам эп кўрмайдиган ходим чиқиб қолди. Яъни ўз саволимга жавоб ола олмадим, аммо бизни ишонч билан 70 ва 105-мактабга йўналтиришмоқда.

Кайфиятим тушиб, аммо охирги умид билан 43-мактабга бордим. Ахир қўшним у ерга ўғлини жойлаштирибдику, уларнинг микроҳудудига қарашли бўлишмаса ҳам. 4-хонага кирдим, у ерда комиссия ўтириши керак эди, аммо хона бўм-бўш. Қизимни қўлидан етаклаб, директорни хонасига бордим. Эшик очилиб, у ердан бир эркак чиқиб келяпти. Ортидан чиқиб келган аёл (директор) унга шундай деди: “Аслида бизни ҳудудимиздан эмассиз, сизларни олишим керак эмасди, аммо сизлар учун бу ишни қилдим”. Кейин у менга қаради ва нима масалада келганимни сўради. Мен қизимни рус тилида таълим берувчи мактаблар қабул қилмаётганини айтдим ва балки у бизни қабул қилар деб сўрадим. У эса вақтлироқ ҳаракат қилиш кераклигини айтди!!! “Шундоқ ҳам кўп бола олганмиз, 51-мактабга боринг”, — деди пинагини бузмай. Унга 51-мактаб ҳам бизни микроҳудудимизга кирмаслигини, қизимни эса ўзбек тили таълим берувчи мактабларга жўнатишаётганини айтдим. Директор жаҳл билан ва қўпол тарзда гапимни бўлиб, “Қаердан келган бўлсангиз ўша ерга боринг”, деб ўгирилиб кетди. Тасаввур қилинг, халқ таълими муассасаси раҳбари шундай нотарбия бўлса, болаларга қандай таълим беришаркан. Мактабдан чиқар эканман, тўғриси, йиғлаб юбормаслигимга фақат қўлимдан тутиб бораётган қизим сабаб бўлди, унинг олдида кўз ёш қилгим келмади.

Кейин, нима бўлса бўлсин дея, 105-мактабга бордим, ахир у ерда рус тилида таълим берувчи синф очишга ваъда беришгандику. Директорга кирдим ва нечта боланинг ҳужжати йиғилганини сўрадим. У эса ҳозирча олтита эканини айтди! Синф йиғилишига кафолат борми ёки йўқлигига қизиқдим. У эса “Билмадим, агар 10-15 тагина бола йиғилса, синф очишга рухсат беришармикин ёки йўқми, ҳозирча бизга қоронғу”, деб жавоб берди. Охирги саволимни бердим: “Агар синф учун керакли болалар сони йиғилмаса, нима бўлади?” “Болаларнинг ҳужжатларини олиб, бошқа мактабга берамиз”,  деган жавобни эшитдим.

Бир сўз билан айтганда, ҳаммаси ноаниқ ва тушунарсиз. Сўнг харитадан яна бир мактабни топдим, у биз яшаётган жойдан бироз узоқ бўлса-да, мактабга қўнғироқ қилдим. Менга ҳурмат билан жавоб беришди ва эртага ҳужжат топшириш учун келишим мумкинлигини айтишди.

Нима учун тартиб ҳамма учун бир хил эмас?!

Кўнглим қолди...”

Матн: UZ24

UZ24: Хабар ва янгиликларни Telegram'да ҳам кузатиб боринг

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *