Анвар қори Турсунов вафот этди

июн 13 / 2018

alt

Тошкент шаҳар бош имом хатиби Анвар қори Турсунов оғир хасталикдан сўнг вафот этди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати бу хабарни тасдиқлади.

Анвар қори Турсунов Қўчқорович 1958 йил 21 ноябрда Тошкент шаҳри Ҳамза туманида хизматчи оиласида туғилган.

1966-1976 йилларда Ҳамза туманидаги 198-умумий ўрта таълим мактабида таҳсил олган. 1981 йил Тошкент Давлат университетининг филология факультетини, 2001 йил Тошкент ислом институтини тамомлаган.

Анвар қори Турсунов меҳнат фаолиятини 1981-1984 йилларда – “Ёшлик” журналида муҳаррир вазифасидан бошлаган.

1984-1987 йилларда – Ўзбекистон Фанлар Академиясида, 1987-1989 йилларда эса Тошкент шаҳар, Абдулла Қаҳҳор уй музейи илмий ходим бўлиб фаолият юритган. 1989-1994 йилларда — Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси қошидаги таржима ва адабий алоқалар маркази Шарқ адабиёти бўйича катта муҳаррир. 1994-1999 йилларда – Тошкент шаҳар, Яшнобод тумани, “Янгиобод” жоме масжиди имом-хатиби бўлган. 1999– йилдан Тошкент шаҳар бош имом-хатиби вазифасида фаолият юритган.

Анвар қори Турсунов оммавий ахборот воситалари орқали доимий чиқишлари, диний мавзудаги маърузалари билан халқимизнинг қалбидан чуқур жой олган уламо эди. 

Шунингдек, Анвар қори Турсунов 1989-1992 йилларда Қуръони каримнинг биринчи таржимасига (Шайх Алоуддин Мансур таржимаси) муҳаррирлик қилган. 

Анвар қори 5 апрель куни микроинсультни бошдан кечириб, операция қилинганди. Бир ойдан сўнг унинг комадан чиққани хабар қилинди, бироқ кейинроқ қорининг аҳволи оғирлиги маълум қилинганди.

UZ24: Хабар ва янгиликларни Telegram'да ҳам кузатиб боринг

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *