Андижонда икки хотинликни эплай олмаган эр 4 нафар инсоннинг қотилига айланди

авг 08 / 2018

alt

Андижон вилоятининг Булоқбоши туманида яшовчи Азизбек Абдуқаюмовнинг қонуний никоҳдан ўтган аёли ва фарзандлари бўла туриб, 2016 йилда ўзидан 3 ёш катта Феруза Омонова билан шаърий никоҳдан ўтади. Орадан бир йил ўтиб Ф.Омонова ўғил фарзандни дунёга келтиради.

Азизбек Абдуқаюмов ўзининг иккинчи оиласи борлигини кўпчиликдан яшириб келади. Икки ўртада қолган Азизбекнинг ҳаловати бузилади. Бўзчининг моккисидек бир уёққа, бир буёққа қатнайвериб ковуши тешилган йигит иккинчи оиласига ўз вақтида меҳр ва эътибор бера олмайди. Бу эса турли низоларни келтира бошлайди. 2017 йилнинг 30 декабрида Феруза ва Азизбек телефон орқали бўлиб ўтган суҳбат давомида ўзаро тортишиб қолишади.

Феруза унга нега хабар олмай қўйганлигини, эплай олмай қолган бўлса, унинг жавобини бериши айтиб дўқ қилади. Бу қистовлардан кейин Азизбек Абдуқаюмов қонуний никоҳдаги хотинини алдаб, Хўжаобод тумани “Хидирша” МФЙ яшайдиган ўйнашининг олдига боради. Бу ерда эса жанжал авжига чиқади.

Ҳовлида ўтирган Феруза Омонова эрининг саломига алик ҳам олмайди.

“Эшитиб қўй, уйда ётган бола сендан эмас. Уйга кирма, ҳаққинг йўқ энди. Уйингга бораман, ҳамма гапни рўйи-рост айтаман. Эшитиб қўй мен сендан ташқари жуда кўпи билан юрганман. Мен сени эрмакка олиб юрган эдим. Сенга ўхшаганларнинг кўпини ўйнатаман ҳали”, дейди Феруза.

Бундан ғазабланган Азизбек зина устида турган ошхона пичоғини олиб, ўйнашининг бўйнидан сўйиб юборади. Бу вақтда ҳаммомда ҳамма гапни эшитиб турган Ферузанинг синглиси Наргиза Қаландарова чиқиб қолади. Унинг бақир-чақирини қўшнилар эшитиб қолмасин деб Азизбек уни ҳам бўғизлаб ташлайди. Шовқиндан чўчиб ҳовлига чиққан Ферузанинг биринчи турмушидан бўлган қизи Гулчирой ҳам онаси ва холасининг қонга беланганини кўриб қўрқиб кетади ва чинқириб йиғлай бошлайди. Бундан баттар асабийлашган қотил қизалоқни ҳам шавқатсизларча сўйиб ташлайди.

Бу ҳали ҳаммаси эмас эди. Бешикда биғиллаб йиғлаётган чақалоқнинг овозини эшитиб қолган Азизбек Абдуқаюмовнинг қулоғида Ферузанинг “...сенинг боланг эмас”, деган гаплари жаранглайди. Қонга тўлган кўзига ҳеч нарса кўринмай қолган қотил норасида гўдакнинг бўғзидан пичоқ тортиб юборади.

Унга бу қилғиликлар камдек кўринади. Барча жасадларни бир хонага олиб кириб, устидан тўшак ва гиламлар билан ёпиб қўяди. Феруза Омоновага тегишли тақинчоқлар ва телефон аппаратини олиб, хонага ўт қўяди.

Бу драмматик воқеалардан кейин Азизбек ҳеч нарса бўлмагандек, ўз уйига қайтади. Ваҳшийлик учун қандай жазо кутиб турганини билган қотил қамалишидан олдин дунё кезиб қолмоқчи бўлади. Ва Ферузага тегишли тилла тақинчоқларни сотиб, Тошкентга келади. Бу ердан Сурхондарёга сўнг эса Қозоғистон Республикасига ўтиб кетади.

Тезкор суриштирув тадбирлари натижасида ҳуқуқ тартибот органлари томонидан ўта хавфли жиноятчи Қозоғистонда қўлга олинди. Унга нисбатан умрбод қамоқ жазоси тайинланди.

Видео:

UZ24: Хабар ва янгиликларни Telegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *