Амир Темур таваллуд топган сана муносабати билан Қашқадарёда байрам сайли ўтказилади
06 апрел 2018, 17:24 2052 кўрилди

alt

9 апрель куни Амир Темур таваллуди муносабати билан Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманида жойлашган соҳибқирон дунёга келган Хўжа Илғор қишлоғида байрам сайли ўтказилади. Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Кашкадарё вилояти ҳудудий бошқармаси UZ24'га хабар қилди.

Айни вақтда Хўжа Илғор қишлоғида олти гектарлик ҳудудда «Амир Темур» боғи барпо этилмоқда, концерт дастурлари учун катта саҳна ўрнатилмоқда, боғнинг бир қисмида сайёҳлар учун дам олиш жойлари, ўтовлар тикланмоқда. 

Шунингдек, республикадаги кўплаб журналистлар иштирокида ушбу масканга Халқаро пресс-клуб бошчилигида медиа-тур уюштирилиши, телемарафон ўтказилиши ҳам режалаштирилган.

alt

Халқ сайлида Қашқадарёнинг тандир гўшт, кийик гўшти, қозон кабоб, тандир сомса сингари дунёга машҳур таомлари тайёрланади ҳамда меҳмонларга тортиқ қилинади.

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Кашкадарё вилояти ҳудудий бошқармаси ҳамда вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида байрам сайлида қатнашишни истаган чет эллик меҳмонлар учун шу куни Қарши ҳамда Шаҳрисабз шаҳарларидан Хўжа Илғор қишлоғигача махсус автобуслар қатнови ташкил этилади.

Хабарда таъкидланишича, шу куни барча сайёҳларга текин хизмат кўрсатилади.

UZ24: Хабар ва янгиликларни Telegram'да ҳам кузатиб боринг

Шархлар
Реклама