Алишер Усмонов муваффақиятининг сири нимада? (3-қисм)

июн 20 / 2018

alt

ЎзА Миллий ахборот агентлиги асли ўзбекистонлик миллиардер Алишер Усмоновнинг муваффақиятига эришиш тарихи ҳақидаги мақоланинг 3-қисмини эълон қилди. UZ24 уни тўлиғича келтиради.

Блумберг нашриёти 2012 йилнинг март ойида Алишер Усмоновни Россиянинг энг бадавлат кишиси, деб эълон қилди. Шу пайтда унинг 20 миллиард АҚШ долларлик мол-дунёси бор эди. “Блумберг маркетс” журнали 2013 йили Алишер Усмоновни дунёнинг беш нафар энг машҳур бизнес кишилари қаторига қўшди.

Алишер Усмонов кўп жойларда ишлади, турли вазифаларни бажарди, тинмади. 1997 йили йирик инвестиция лойиҳаларини жорий этиш бўйича махсус тузилган ПАО “Газпром”нинг шўъба (дочерняя) компаниясида 15 йил бош директор бўлиб хизмат қилди. Ва ниҳоят, таркибида “Металлоинвест” холдинги, “МегаФон” ва “Скартел” алоқа операторлари, интернет-бозоридаги рус сегментининг лидери бўлган Mail.Ru Group, Disney Russia (Дисней Раша), “МУЗ-ТВ” ва “Ю” телеканалларини бирлаштириб ўзининг номидаги “USM Holdings” компаниясига асос солди.

Алишер Усмонов Россиядаги бағри кенг, қўли ҳам кўнгли ҳам очиқ хомийлардан бири ҳисобланади. 2007 йили Лондондаги машҳур Сотбис аукционида сотилиш арафасида турган машҳур созанда Мстислав Ростропович билан унинг рафиқаси, опера қўшиқчиси Галина Вишневскаянинг умумий баҳоси 111 млн 750 минг доллар қийматга эга бўлган 450 лотли коллекциясини харид қилиб олиб Россия давлатига ҳадья этди. 2007 йили Американинг Олег Видовга қарашли “Films by Jove, Inc” компаниясидан собиқ Иттифоқ даврида қандайдир йўллар билан хорижга кетиб қолган совет мультфильмларига бўлган ҳуқуқини тўлалигича сотиб олади ва Россиянинг “Бибигон” болалар телеканалига ҳадья қилади.

Алишер Усмоновнинг “Санъат, фан ва спорт” Фонди Франс Халс Старший чизган “Марк евангелист” картинасини сотиб олиб бир вақтлар чет элга олиб кетилган бу машҳур тасвирий санъат асарини Москвадаги Пушкин номли тасвирий санъат давлат музейига қайтариб берди. 

Алишер Усмонов Россия футболи ва футбол ўйинчиларининг ҳам катта ишқибози, шинавандаси, хомийси. 2015 йил у Россия футбол уюшмасига 1 миллард рубллик беғараз ҳомийлик ёрдами кўрсатди. Ундан бироз илгари Россия футбол уюшмасига 400 миллион рубль ўтказиб, терма команданинг аввалги тренери Фабио Капеллога қарз бўлиб қолган 8 ойлик иш ҳақини тўлаб берган эди.

Алишер Усмонов 10 йилдан буён (2008 й.) қиличбозлик бўйича Халқаро федерация президенти. 2014 йил Сочида ўтган ХХII қишки Олимпия ўйинлари ва ХI Паролимпия ўйинларини ташкил этиш ва ўтказиш Кенгашининг аъзоси, Россия олимпиадачиларини қўллаб-қувватлаш васийлик Кенгашининг ҳам аъзосидир.

Тошкентда қиличбозлик секциясига қатнашиб юрган кезлари Алишер бадиий гимнастика бўйича олимпия чемпиони Ирина Виннер билан танишиб қолади. Кейин кўпчиликка маълум бўлишича, суд, қамоқ, айрилиқ... Қамоқда ўтирган пайтида Алишер Иринага бўлган қалбидаги ҳиссиёт оддий бир ҳавас эмас ҳақиқий муҳаббат эканлигини англайди. Ўзи шахсан учрашиб меҳр-муҳаббатини изҳор қилишга имкони бўлмаган Алишер 1980 йили қамоқда туриб яхши кўрган маҳбубаси Ирина Виннерга чиройли гулли рўмолча жўнатади. Бу қадимги урф-одатга кўра йигит кўнглидаги аёл билан турмуш қуриш нияти борлигидан далолат берар эди. Ирина буни қалбан ҳис этади ва ўзи кутаётган воқеа содир бўлаётганини сезиб рози бўлади. Бу машаққатли оғир айрилиқ йиллари кўнгли ўксик Алишернинг ягона таянчи Ирина Виннер бўлди. Улар доимо мактуб ёзишиб, арзу додларини айтиб бир бирини юпатишар эди. Алишер билан Ирина қамоқдан чиққандан кейин никоҳдан ўтишди. Шундай қилиб 1992 йили қиличбозлик устаси Алишер билан Олимпия чемпиони Ирина Виннернинг тўйи бўлиб ўтади.

Спортдан чиққан Усмоновлар оиласи мана ҳозир ҳам катта спорт ишлари билан машғул. Алишер Усмонов қиличбозлик бўйича Халқаро Федерация Президенти бўлса, турмуш ўртоғи Ирина Виннер бадиий гимнастика бўйича Халқаро Федерация Президенти ва Бадиий гимнастика бўйича Халқаро Федерацияси техника қўмитасининг вице-Президентидир.

2016 йили 12,5 миллиардлик мол-мулки бўлган Алишер Усмонов Россиянинг 200 нафар энг бой бизнесменлари қаторидан 3 ўринни олди. 2017 йили унинг маблағи 15,2 миллард АҚШ доллари бўлиб 5 ўринни эгаллади. Бир бизнесмен мол-мулкига тегишли турли рақамларни келтиришимиздан ҳайрон бўлманг, очиқ, расмий, оқ бизнес ана шунақа бўлади. Жаҳондаги иқтисодий силсилалар, инқирозлар туфайли бир гал 20 миллард бўлиб турган капиталингиз шу кунги нефть, газ ёки олтиннинг баҳосига қараб 15 миллиардга тушиб қолиши ёки кўтарилиб кетиши мумкин.

Энди энг сўнгги янгиликлардан биттасига тўхталиб ўтмоқчимиз. 2018 йили баҳорда Тошкентдаги “Ўзбекистон” халқаро форумлар саройида буюк киноактёр, режиссёр, жаҳон "сўзсиз кино"сининг “қироли” деб ном олган машҳур Чарли Чаплиннинг “Катта шаҳар чироқлари” филмининг намойиши бўлиб ўтди. 1930 йиллар жаҳон кинематографиясининг шедеври деб эътироф этилган бу фильм Россия Миллий филармонияси оркестрининг бадиий раҳбари, буюк дирижёр Владимир Спивак раҳбарлигида янграган жонли мусиқа садолари остида намойиш этилди. Мазкур концерт дастури Ўзбекистон Республикаси маданият вазирлиги билан Алишер Усмоновнинг “Санъат, фан ва спорт” Россия фонди томонидан ҳамкорликда ташкил этилди. Мазкур фильм-концент кино санъати энди пайдо бўлаётган ХХ аср бошларидаги маданий муҳитни, у пайтда энди намойиш этила бошлаган дастлабки кино-фильмларни, ўша давр ва муҳитни эслатди.

Сармоядор ватандошларимизнинг инсонпарварлик фаолиятини кўриб хурсанд бўласан киши. Бир ердан, бир элдан бўлганингга, уларнинг ишбилармонлиги, уддабуронлиги, мақсадни аниқ қилиб қўйиши ва унга албатта эришишини, айни бир пайтда қўлининг очиқлигию бағрининг кенглигига ҳавас қиласан, фахрланасан. Гап шундаки, бугун ўз ватани Ўзбекистонга инвестиция киритишни хоҳлаётган хориждаги ўзбеклар битта эмас: Искандар Маҳмудов, Фаттоҳ Шодиев, Алишер Усмонов ана шулар қаторидан ўрин олган. Улар ўз ватанидаги сўнгги оламшумул ўзгаришларни кўриб бир эмас бир нечта лойиҳаларда қатнашишга, эзгу ишлар қилиб ўзлари ҳақида яхши ном қолдиришга ошиқишмоқда.

Ўзбекистонда кўпроқ таниш бўлган, халқ орасида ҳам юқори доираларда ҳам катта обрў-эътиборга эга Алишер Усмонов Тошкентдаги Ислом маданияти маркази қурилишига маблағ ажратиш ниятини борлигини билдирди. Шундай қилиб, бошқа давлатда, ўзга тамаддун ҳукмрон бўлган муҳит-шароитда кўп йиллардан буён яшаётган бўлса ҳам ҳамюртларимиз қалбида Ватанига, ўзлари учун муқаддас бўлган ота макон, она тупроғига содиқлиги, ҳурмати, меҳру муҳаббати сақланиб қолган.

Россиялик ватандошларимиз Бухорои шарифдаги туристлар сайлгоҳи қурилишига Ўзбекистон ҳукумати ва бошқа инвесторлар билан ҳамкорликда маблағ киритиш истагини билдирдилар. Алишер Усмоновнинг маблағи ҳисобига яқин кунларда Бухоро шаҳри ва унинг атрофида 10 гектардан каттароқ бўлган майдонда бутун бир замонавий туристик комплекс - сайилгоҳ пайдо бўлади.

Янги туристик сайлгоҳ Ғиждувон кўчаси ва "Кўхна ва боқий Бухоро" маданий мажмуаси оралиғида жойлашган жойда барпо этилади. Сайлгоҳ майдонида пастқаватли замонавий меҳмонхоналар, маданий-соғломлаштириш ва савдо-кўнгилочар марказларини барпо этиш режалаштирилган. Уларда куну-тун чет эллик сайёҳларга хизмат кўрсатиш ва мароқли ҳордиқ чиқариш таъминланиши кўзда тутилган.

Туристик зонада турли шоулар, ўтмиш воқеалари акс эттирилган театрлаштирилган концерт томошалари намойиш этилади ва фолклор ансамбллари билан бир қаторда замонавий эстрада хонандалари чиқишлари, миллий модалар намойиши ва бошқа томошабоп тадбирлар ташкиллаштирилади.

Янги туристик ҳудуд Интернетга тўлиқ бепул уланиш имкониятини берадиган Wi-Fi - "вай-фай” билан қамраб олинади

Яхши ниятли, бағри кенг, кўнгли ҳам қўли ҳам очиқ одамлар топилса жумлаи жаҳон ёрдам кўрсатаётгандек бўлар экан. Сайлгоҳ – мажмуада катта мулкдорлар учун алоҳида, ўрта ва кичик тадбиркорлар учун алоҳида ва фуқаролар учун ҳам алоҳида шинам, нарҳи ҳам арзонроқ бўлган турли тоифадаги меҳмонхоналар, ресторанлар, миллий совға-салом сувенир дўконлари, бутун бир дам олиш, ҳордиқ чиқариш маркази қурилиши режалаштирилган.

Узоқ йиллар давомида бошқа юртда, бошқа муҳитда фаолият кўрсатган машҳур ватандошларимиз Ўзбекистон учун ниҳоятда муҳим бўлган бугунги кунда ўз ватанининг қувончу ташвишларига шерик бўлиш ниятини билдирмоқдалар. Буни тушинса бўлади, ватандошларимиз қаерда, у Бельгия бўлади-ми, Россия-ми, Қозоғистон-ми ва қандай шароитларда бўлмасин, бугун улар учун киндик қони тўкилган ота-боболари маконига, олтин тупроғига тенг жаннат бўлмаса керак дунёда. Бобо ва момоларининг мозорлари бўлган бу мўътабар-муқаддас ерда уларни авлод-аждодларининг руҳи қўллаб қувватлайди. Боз устига, бельгияликлар жуда хуш кўрадиган "картофель чипси"си ёки "бельгия вафлиси" бўладими, русларнинг пельмени, боршчи-ми ёки қозоқларнинг бешбармоғи-ми, бари-бир сув бўйидаги салқин-сояда жойлашган ўзбек чойхонасида, қозонда, очиқ ҳавою очиқ оловда тайёрланаётган чойхона паловига, буғи чиқиб турган самовар чойига, бу ердаги дўстларининг ҳазилу аскияларига, ширин суҳбатига нима етсин. Ўзбек қаерда бўлмасин бу муҳитни соғинади, қўмсайди, унута олмайди, борган жойидан албатта қайтиб келади.

Энди миллиардерларнинг дам олиши, ишқивозлиги ёки “хобби”си деймиз-ми, ана шулар тўғрисида ҳам икки оғизгина тўхталиб ўтамиз. Агар бизнесмен бой ёки жуда ҳам бой бўлса, мол-мулки, пули-маблағи қанча эканлигини ҳатто ўзи ҳам билмаса, унда миллиардерларнинг бадавлатлигини уни лимузинининг узунлигига ёки кўл ва денгизларда сузаётган шахсий яхтасининг ўлчовлари: сув сиғими, мачтасининг баландлиги, кема бортининг кенглиги, яхта каюталарининг сонию яхтасининг узунлиги неча ўн метр эканлигига қараб ўлчанади. Ҳозир ўнлаб россияликлар узунлиги 100 метрдан ошган яхталарга эга. Булар қаторига Дмитрий Пумпянскийнинг Blade яхтаси, Алишер Усмановнинг Dilbar номли яхтаси, Андрей Мельниченконинг “Sailing Yacht” яхтаси киради. Улар қаторида Роман Абрамовичнинг 113-метр узунликдаги, бир пайтлар жаҳонда энг узун ва катта деб ҳисобланган, Le Grand Bleu яхтаси ҳам бор. Яқин-яқингача энг зўр деб юритилган Eclipse яхтаси бугун иккинчи ўринга тушиб қолди. Ҳозир Бирлашган Араб Амирликлари президенти - Абу-Даби амири ихтиёрида бўлган 180 метр узунликдаги Аззам яхтаси биринчи ўринга чиқиб олган.

Бир қонуният сезилмоқда. Россияликлар ихтиёридаги яхталарнинг сони кейинги пайтда жаҳон бозоридаги нефтьнинг баҳоси билан чамбарчас боғлиқлиги маълум бўлиб қолди. 2000-2008 йиллари бир баррель нефть 30 доллардан 140 долларга қадар кўтарилганида яхталик россияликлар сони айниқса кўпайди. USM Holding компаниясининг эгаси Алишер Усманов экстра класс мавқеидаги бир йўла учта яхтанинг эгаси бўлди. 66 метрли Natita яхтаси 2005 йилда Нидерландиянинг океан қирғоғидаги машҳур Oceanco яхта қуриш верфида йиғилган. Узунлиги 110 метр. Ҳисоб бўйича иккинчи рақамга эга бўлган бу яхтанинг номи “Она” бўлиб у Усмоновга 200 миллион долларга тушган. Усмоновнинг яхталари орасида энг яхши ясатилгани, гўзал, кўркам, зўри “Дилбар” номи билан юритиладиган яхта бўлиб у Алишер Усмоновнинг онаси номига қўйилган. “Дилбар” яхтасининг узунлиги 156 метр бўлиб, у 600 миллион доллар қийматга эга. Бу барча қулайликларга эга бўлган ниҳоятда гўзал яхта Барселонанинг (Испания) 160 метр узунликка эга бўлган OneOceam Port Vell порти бандаргоҳида туради.

Sailing Yacht яхтаси мачтасининг узунлиги ҳатто Лондондаги Биг Бен куранти баландлигидан ҳам юқорироқдир. Россиялик Андрей Мельниченконинг яхтаси нафақат уч ўлчовдаги ҳажми билан балки кема каюталарининг безаги - нодир, нафис, гўзал дизайни билан ҳам ажралиб туради. Иккала: 142 метрли А Sailing Yacht ва 119 метрли А Motor Yacht яхтаси ҳам машҳур француз дизайнери Филипп Старка лойиҳаси асосида қурилган. Биттаси сув ости кемаси – субмаринанинг нақ ўзи қилиб яратилган бўлса, иккинчиси елканли кемани эслатади. Иккала яхта кема қуриш санъатининг нафақат бугунги замонавий балки келажакда, кейинги асрда пайдо бўлиши тахмин қилинаётган яхталар кўринишга эгалиги билан алоҳида диққатга сазовордир. Яхтада вертолёт қўнадиган майдонча, денгиз суви тўлдирилган бассейнлар, океан ости дунёсини томошо қиладиган махсус камералар бўлиб, у очиқ океанда қуёш ботишини турли нуқталардан туриб - ракурсларда кўриш, бу табиат мўжизасидан роҳатланиш имкониятини берадиган айланма кресло-кроватлар билан жиҳозланган.

Яқинда бир хушхабар кўпчиликнинг диққатини ўзига қаратди. Унда айтилиши бўйича, Россия Фанлар академияси содир бўлган ноҳақликда адолатни тиклаган экан. Воқеа эса бундай бўлган эди. Сотувга қўйилган дунёдаги энг олий мукофот - Нобель тасвири туширилган олтин медал унинг совриндори Америклик биолог - олим Джеймс Уотсонга қайтариб берилди, деб хабар қилди Россия оммавий ахборот воситалари. Айни америкалик биолог олим Джеймс Уотсон ҳамкасблари билан ҳамкорликда дунёда биринчи бўлиб ДНК нима эканлигини ва у нималардан ташкил топганини очиб бериб дунёдаги энг нуфузли мукофотга сазовор бўлади. Аммо 2014 йил олим бу беназир мукофотни сотишга мажбур бўлади. Олтин медаль Лондондаги “ким ошди савдоси”нинг болғаси биринчи бор кўтарилиши билан кимдир томонидан ақл бовар қилмайдиган юксак баҳо таклиф қилингани учун шу заҳоти сотиб юборилади. Икки ҳафта мобайнида Нобель мукофотини ким сотиб олганлигини ҳеч ким билмас эди.

Адолатнинг тикланиши, ноёб мукофотнинг эгасига қайтиб келиши алоҳида маросимга айланиб кетди. Бу воқеани ўз кўзлари билан кўриш, унинг асл эгаси, йирик биолог-олим билан учрашувга юзлаб талабалар, лаборантлар, академиклар, илмий марказларнинг директорлари пешвоз чиқадилар. Тантанали дақиқалар... Йиғилганларнинг ҳаммаси мукофотни эгасига қайтариб берилишини орзиқиб кутишар эди. 90 ёшдаги йирик олим қадрдон бўлиб қолган ўзининг Нобель олтин медалини қайта олиши билан кўзларидан оққан ёшларини тўхтата олмай қолади. У ярим йилдан буён бу дақиқаларни орзиқиб кутган бўлса ҳам, воқеани бундай илиқ якунланишини ҳаёлига ҳам келтирмаган экан.

Нобель олтин медалини сотиб юбориш тарихи эса бундай бўлган. 2014 йилнинг охирига бориб унинг эгаси олим Джеймс Уотсенга АҚШда чоп этилган дарсликлари учун гонорар беришни тўхтатиб қўйилади. Энди у фақат илмий марказдан олаётган маошига қараб қолади. Ишлар шундай давом этаверадиган бўлса, Уотсон шуғулланаётган саратон касаллигини даволайдиган дорини излаш, топиш, яратиш бўйича сўнгги йилларда олиб борилаётган илмий-тадқиқот ишлари тўхтаб қолиш ҳавфи туғилган эди.

Таъкидлаш жоизки, исми-шарифи номаълум бўлган медаль харидори шу мукофотни сотиб олиб эгасига қайтариш учун қарийб 5 миллион доллар ҳақ тўлашга рози бўлади. Бир ҳафтадан кейин мукофотни россиялик бизнесмен сотиб олганлиги маълум бўлади. Медалдан келадиган маблағни олим нимага сарфлашини мақсад қилиб қўйганини билиб қолганидан кейин эса бизнесмен бир дақиқа ҳам ўйлаб ўтирмайди. Нобель медалини сотилиши ҳақидаги гаплардан хабардор бўлган тадбиркор шундай деди: “Мен ҳайрон бўлдим, наҳотки шундай буюк мамлакатда яшаётган Нобель совриндори шу мукофотининг пулига зор бўлиб қолган бўлса, деб ўйладим. Кейин олим нима учун медалини сотаётганлигининг сабабини суриштирдим, мени ҳайрон қолдирган нарса шу бўлдики, Нобель мукофоти таъсис этилгандан буён ҳаёт (тириклик) пайтида ҳали ҳеч ким ўзининг бундай олий даражадаги мукофотини сотмаган эди. Бу воқеа мени қизиқтириб қолди десам нотўғри бўлар, безовта қилиб, ташвишга солиб қўйди. Менинг билишимча, Джеймс Уотсон биринчи бўлиб ДНКни нима эканлигини, унинг сир-асрорларини очиб бериб жаҳонмшумул кашфиёт қилган олим. Уотсоннинг кашфиётидан кейингина инсоният ДНК ҳақида, унинг парчаланиш жараёнларидан хабардор бўлди”.

“Ахир АҚШда ҳам кимдир олимга, "ҳей, сен бундай ишни қила кўрма, медални сотма зинҳор”, - дейиши мумкин эдику, лекин минг афсуски, бундай инсон у ерда топилмаган. Буни рус бизнесмени қилди, "сизлар жуда маънавий юксак, руҳан кучли, иродали, жасоратли халқ экансизлар", - деб ёзади ўзлари ҳақида Россия оммавий ахборот воситалари. Нобель мукофоти совриндори Джеймс Уотсон эса: “Ўзимнинг ватанимга қараганда ҳам мени бу ердагилар кўпроқ қадрлашар экан, деган таассурот қолди менда”,- деди. Уотсон мана бир неча йиллардан буён АҚШда дипломатик тил билан айтганда “нон грата”, бу демак у фуқаро сифатида давлат, жамият учун номақбул шахс бўлиб қолган. Сабаби у нутқларининг бирида: турли ирқдаги инсонлар турли интеллектуал қобилиятга эга бўладилар, деган гапидан кейин ўз ватанида шундай номаъқбул инсон бўлиб қолди. Дунёдаги йирик олим, Нобель мукофоти лауреати Джеймс Уотсонни маърузалар ўқишга таклиф қилмай қўйишди. АҚШдаги Биотехнологик тадқиқотлар марказини ундан олиб қўйишди. Илгариги қилган хизматларини эсламай қўйишди. Уотсон Нобель мукофотини 1962 йилда олган эди.

Джеймс Уотсон ҳамкасблари Нобель мукофоти бўйича ҳамсовриндорлар: Фрэнсис Крик ва Морис Уилкинс билан ҳамкорликда икки қаторли спираль шаклидаги темир айланма пиллапояларга ўхшагич ДНК молекулалари таркиби - структурасининг модели яратилиб - илм-фан оламида жаҳоншумул инқилоб қилишмоқда. Бу кашфиётлар ёрдамида инсон геномини ўқиш имконяити пайдо бўлди, кўплаб касалликларнинг эса пайдо бўлишидан аввал уларни инсон организмида аниқлаш, муҳими бу оғир касалликларнинг олдини олишга муваффақ бўлмоқда.

- Сиз учун ниҳоятда қимматли бўлган бу медаль яна қўлингингизга текканидан кейин ҳозир қандай ўю-ҳаёллар оғушидасиз, нималарни ҳис қилмоқдасиз?”, деб журналистларнинг берган саволига Джеймс Уотсон: “Мен ожиз ва ёлғиз эмаслигимни, қўллаб-қувватлайдиган инсонлар борлигини сезяпман, кўриб турибман. Пул жуда катта ёрдам беряпти. Унинг менга қараганда фанга, илмга, ёрдами кўпроқ тегмоқда. Мен бу пулларни Чикаго институти профессорларига бердим. Ҳозир маблағ уларга жудаям керак пайти. Бу жуда муҳим. Айтиш лозим институтлар бўлмас экан фанда ривожланиш бўлмайди. Олимнинг қўлида маблағи бўлса у кўп нарсаларга мухтож, давлатга эса қарам бўлмайди. Шу сабабли мен ажойиб Россия бизнесмени қилган ишдан жуда мамнунман, мен у кишидан беҳад миннатдорман, дейди Нобель мукофоти совриндори Джеймс Уотсон.

Олим билан тадбиркор бир бирлари билан ҳали бирон марта учрашишган бўлмаса ҳам уларни ғойибона дўстлик ришталари боғлаб турибди. Энди сирни очишга тўғри келади. Бу хотамтой рус бизнесмени, мультимиллионер, миллардер Чустлик ўзбек тадбиркори Алишер Усмонов бўлиб чиқди.

Джеймс Уотсон умрининг ярмини саратон касаллигига қарши курашга бағишлади, ноёб илмий-тадқиқот ишларини олиб борди. Алишер Усмоновнинг отаси, Тошкент шаҳрининг собиқ бош прокурори Бурхон Усмонов шу диагноздан вафот этган эди. Джеймс Уотсон ҳам ўзининг амакисини шу касалликдан даволашга улгура олгани йўқ. Лекин машҳур олим раҳбарлигида ҳозир илмий-тадқиқот ишларини олиб бораётган ёш олимлар Джеймс Уотсоннинг 19 ёшидан буён орзу қилиб келаётган ниятига энди етишади. Улар бу диагнозни даволайдиган дори – дармонлар яратишади ва бу инсониятга катта ҳавф туғдираётган оғир касалликнинг устидан ғалаба қозонишади, деган умид бор. Воқеа ана шундай бўлган эди.

Яна бир янгилик. Россия Федерациясининг Давлат думаси қабул қилаётган янги қонунга кўра, Россиядаги бадавлат фуқаролар ўз номлари билан аталувчи фондлар ва мукофотлар таъсис қилишлари ва уларга ўз бойликларини васият қилишлари мумкин бўлади. Янги жорий этилаётган механизм, бадавлат ишбилармонларнинг мол-мулкларидан улардан кейин ҳам, қолдирилган васиятномага мувофиқ – давлат ва ҳукумат ташкилотлари бу маблағларни самарали бошқариш, кўпайтириш ва хайрия мақсадларида фойдаланиш имконини яратади.

Экспертлар фикрига кўра, бой-бадавлат ишбилармонларнинг тўғридан-тўғри ворислари ҳар доим ҳам энг мос келадиган бошқарувчи бўла олмайди.

Иккинчидан, айрим бадавлат бизнесменлар ўз ворисларининг хавфсизлигини ўйлаб ҳам ана шундай қарорга келишган. Хусусан, 2017 йилда бойлиги 14,4 миллиард доллар баҳоланган “Альфа групп” эгаси миллиардер Михаил Фридман ана шундай фикр билдирган эди.

Ундан ташқари, мол-мулки 15,2 миллиард доллар этиб баҳоланган Алишер Усмонов, даромади 14,3 млрд. доллар бўлган “Норникель” компанияси президенти Владимир Потанин ҳам ўз бойликларининг катта қисмини мерос фондларига ўтказиш ва келажакда улардан жамоатчилик манфаатлари учун фойдаланиш ниятлари борлигини билдиришган эди.

Хабарда айтилишига кўра, Россияда ана шундай мерос фондларига эҳтиёж анча вақтдан бери бор эди, лекин тегишли қонун бўлмагани туфайли олдин бундай амалиётлар Буюк Британия ёки бошқа мамлакатлар орқали амалга оширилар эди. Янги қонун кучга кирса, Россиянинг ўзида 2018 йилнинг 1 сентябридан бошлаб мерос фондлари ташкил қилиш мумкин бўлади.

Конвертация қилингандан кейин Ўзбекистонга қўшни республикалар инвесторларининг ҳам қизиқиши кескин ортди. Айниқса қозоқ сармоядорларининг биз ҳақимизда: “Биз қўшни қондош-қардош халқлармиз, минтақадаги аҳолиси энг кўп бўлган (айтиш лозим, сон жиҳатидан бутун Марказий Осиё халқларининг қарийб тенг ярми Ўзбекистонда истиқомат қилади) давлатга йўллар очилди марҳамат: “Is open for business!” дейишмоқда. “Фақат кеч қолмайлик, ғафлатда қолмайлик, олдин югурган фойданинг қаймоғини олиб манзилга ҳам, мақсадга ҳам биринчи бўлиб етиб боради. Агар шошилмасак, бозордаги биз оладиган расталарнинг барчаси эгалланиб бўлади: “Is open for business! Эй, узоқ-яқиндаги қўшнилар!”, дейишмоқда. Бизга эса очиқ чеҳра билан қулочни кенг ёйиб кутиб олишимиз даркор.

Исмини айтишдан бош тортган хомий. Телевидениеда бош муҳаррир бўлиб ишлаётган пайтим эди. Ходимларимиздан бири тўйдан бир воқеани тасвирга тушириб қайтди. Кўрдик, унда қишлоқдаги чиройли бир ўзбек тўйи суратга олинган. Келин билан куёвга, уларни чеҳраларининг очиқлигига, бахтиёрлигига, хурсандлигига қараб тўймайсан. Ҳавас қиладиган даражадаги келишган, чиройли ёш келин билан куёв. Бир маҳал куёв жўраларидан бири келин-куёв олдига келиб осмонга қараб мушак отади. Қийқириқ. Ҳамма хурсанд. Лекин негадир шу заҳоти куёв ўтирган жойидан ағдарилиб тушади. Ҳамма ёғи қон. Кейин маълум бўлишича, тепадаги электр симёғочнинг темир фонусига урилган мушак қайтиб келиб, орқасидан олов пуркаб кетаётган мушакка қараб турган куёвнинг нақ юзига урилиб, портлайди. Шошилинч келган тез ёрдам оғир жароҳат олган куёвни касалхонага олиб кетади. Шифокорлар куёвни чалажон, лекин тирик холда ушлаб туришади. Шифокорларнинг хулосаси бўйича, беморни шошилинч операция қилиш, биринчи ёрдам кўрсатиб сақлаб қолиш, сўнгра унинг лат еган юзини, лабини, танглайини тиклаш, сунъий жағ ўрнатиши лозим эди.

Мустақилликнинг дастлабки қашшоқ-камабағал йиллари... операция учун эса катта маблағ керак. Бирон нарса қилишга ожизмиз. Инсонни ларзага солувчи телекўрсатувни эфирга бердик. Эртаси куни ишлаганим йўқ. Телефон қўнғироқларига жавоб беришдан қўлим бўшамади. Бир маҳал телефон гўшагини кўтарган эдим. Бир йўғон, томоғи билан гапирадиган овоз, салом-алик қилдими-йўқми ёдимда йўқ: “Кечаги кўрсатувни сизнинг редакциянгиз берганми, деб сўради-да, тасдиқ жавобини олгач: “Бизга куёвнинг счет-рақамини беринг, қанча маблағ креклигини айтинг, - деди. - Счет рақамини ҳозирча очганимиз йўқ, очилиши билан маълум қиламиз, телефонингизни берсангиз, раҳмат сизга, кимсиз, ўзингизни таништиринг - дедим мен.

- Телефонимнинг сизга кераги йўқ. Эртага ўзим қўнғироқ қиламан. Менга банкдаги куёвнинг счет рақами билан операцияга қанча маблағ кераклигини айтсангиз бас, хайр! - деди. Шу заҳоти телефон гўшагида алоқа узилганлигидан хабар берувчи одатдаги узун-юлуқ товушлар эшитилди. Мен ҳеч нима дея олмай қолдим. Бу кутилмаган телефон қўнғироғидан зил кетдим. Нотаниш одам деярли ҳеч нарса дегани ҳам йўқ, лекин у бутун кўнглимни ағдар-тўнтар қилиб юборди. Номаълум кишининг ҳамдардлиги менда меҳр ва яна тушунтириб бўлмайдиган қандайдир ҳисларни уйғотди. Ана шу ҳислардан бири бу ватандошим учун ғурур ва фахр ҳислари эди. Ҳа, бундай вазиятда хайр Ислом ақидалари бўйича, ана шундай қилинади.

Энди турмуш қурмоқчи бўлиб турган ва кутилмаганда, айни тўй пайтида бахтсиз ҳодисага учраб оғир жароҳат олган куёвни ўз шахсий жамғармасидан маблағ ўтказиб умрини, икки ёш ўртасидаги муҳаббатни ҳам сақлаб қолган инсонга мурожаат қилмоқчиман. Менинг неча бор сўрашимга қарамай номингизни айтмаган “яхшилик қилиб сувга ташлаган”сиздек бир инсоннинг умри узоқ бўлсин, шу пайтда телевизор кўрган бўлсангиз, ҳозир бизнинг мақоламизни ҳам ўқиётган бўлсангиз ажабмас. Йўқ, исмингизни айтманг, ошкор қилманг, ахир бу эҳсон қилувчига ота-боболаримиздан қолган урф-одат, уни бузмайлик. Бу Қуръон талаби, ҳадис тавсияси, қолаверса, савоби сизда қолсин! Келинг, яна бир зум мулоқотда бўлайлик. Шу пайтда қилган телефон қўнғироғингизга ва бўлиб ўтган қисқа суҳбатимизга ҳам мана чорак аср бўляпти. Сиз билан бундай ғойибона учрашиш яна қачон насиб этади. Фурсатдан фойдаланиб айтадиган гапим шу: Азиз ва нотаниш инсон, Сиз ўзингизнинг феълу табиатингиз билан ҳар бир мўмин-мусулмонга жуда яқин, кароматли одам экансиз. Бор бўлинг, соғ бўлинг, бола-чақаларингиз омон бўлсин, уларнинг роҳатини кўринг. Насиҳатимиз эса шулким, имконингиз борича яхшилик қилишда давом этинг. Лекин яна бир нарсани айтмай иложим йўқ. Катта хайрияни ҳамма ҳам қила олмайди. Имкони бор қилади. Лекин, афсуски барча имкони борнинг маблағи еса сингиб, ичса роҳат бағишлайдиган тоза, покиза бўлавермайди. Мен сизга таъна қилаётганим йўқ. Мен сизга ва айни сизга ўхшаган инсонларга мадҳия ўқияпман. Аммо Аллоҳдан яшира олмаганимизни бандадан яширишнинг не ҳожати бор. У кўриб турибди. Ниятимиз: бизнинг ҳам топганимиз ҳалол, ниятимиз пок, қўлимиз сизникига ўхшаган очиқ, қалбимиз эса сизникидек саҳий, меҳрли, кенг бўлсин, деймиз. Ва яхши ниятлар билан Қиблага қараб фотиҳага қўлларимизни очамиз. Ҳа, хайр қилганни Аллоҳ ҳам хуш кўрар экан. Катта хайр қилганнинг савоби ҳам катта бўлади, деган гап бор.

UZ24: Хабар ва янгиликларни Telegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *