5 сентябрдан мобиль алоқа операторлари хизматлари сўмли тарифга ўтказилади, нархлар кўтариладими?

сен 04 / 2017

alt

2017 йилнинг 5 сентябридан Ўзбекистондаги барча телекоммуникация хизматлари учун тарифлар миллий валютада — сўмда белгиланади. Бу бўйича Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигида барча мобил алоқа операторлари ва интернет-провайдерлари раҳбарлари иштирокида ўтган учрашувда қарор қабул қилинди.

Вазирлик ахборот хизмати маълум қилишича, учрашувда телекоммуникация хизматларини сўмли тарифга ўтказишда абонентларга зарар етмаслигини таъминлаш, жумладан абонентларга кўрсатилаётган хизматларга белгиланган бугунги нархларни оширмаслик масаласи кўтарилди.

“Операторлар раҳбарлари томонидан биллинг хизматлари айни пайтда хорижий валютага асослангани, уларни миллий валютага мувофиқлаштириш бирмунча вақтни талаб қилишини таъкидладилар. Шуни ҳисобга олган ҳолда, миллий валютага асосланган биллинг тизими ишга тушгунига қадар тарифлар истисно тариқасида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан жорий йилнинг 29 августида ўрнатилган 1 АҚШ долларининг сўмга нисбатан қиймати (4210,35 сўм) бўйича белгиланади. Соддароқ қилиб айтганда, миллий валютада тарифларнинг ошишига йўл қўйилмайди. Мисол учун, ҳозирги вақтда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки курси бўйича 10 АҚШ доллари эвазига кўрсатиладиган хизмат, АҚШ доллари курсининг ўзгаришидан қатъи назар, ўтиш даврида 42 минг сўмдан оширилмайди”, дейилади вазирлик хабарида.

Барча операторларга 5 сентябрдан бошлаб хизматлар учун барча тарифларни ўзларининг сайтлари ва оммавий ахборот воситаларида миллий валютада кўрсатиш вазифаси юклатилди.

UZ24: Хабар ва янгиликларни Facebook ҳамда Telegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *