3 нафар ўзбекистонлик Қирғизистонда газ портлашидан жароҳатланди

фев 22 / 2018

alt

20 февраль куни Қирғизистоннинг Жалолобод вилояти Қўчқор ота шаҳарчасида юз берган бахтсиз ҳодиса оқибатида шаҳардаги кафелардан бирида ишлайдиган уч нафар ўзбекистонлик жароҳатланди, деб хабар қилади Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати Қирғизистон элчихонаси маълумотига таяниб.

Жалолобод вилояти ИИБ маълумотига кўра, шаҳарчадаги "Азия" кафесида газ ўчоғидан газ сиқилиши оқибатида портлаш содир бўлган. Бу пайтда хонада 4 киши бўлган ва уларнинг юқори тана қисмлари куйган. Жабрланганлардан уч нафари Наманган шаҳри ва яна бири Қирғизистоннинг Тўхтагул туманида истиқомат қилишлари аниқланган.

Икки нафар Ўзбекистон фуқаролари — Азимжон Валиев ва Муҳаммадбобир Турғунпўлатов Қўчқор ота шаҳридаги шифохонага жойлаштирилган. Рустам Парпиев эса учинчи даражали куйиш жароҳати билан Ўш шаҳридаги шифохонага ётқизилган.

Фавқулодда ҳодиса юз берган жойда оператив тергов гуруҳи фаолият олиб бормоқда. Ҳодиса ҳолатлари тергов қилинмоқда, дейилади вазирлик хабарида.

Ўзбекистон элчихона томонидан Ўш шаҳридаги Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлигининг масъул ваколатхонаси вакиллари ва Жалолобод тумани Ички ишлар бошқармаси билан ишчи алоқалар ўрнатилди. 

UZ24: Хабар ва янгиликларни Telegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *