2018 йилдан сув таъминоти учун олдиндан 100 фоиз ҳақ тўланади
17 ноябр 2017, 11:24 1888 кўрилди

alt

16 ноябрь куни Президент томонидан “Сув таъминоти ва сув чиқариш хизмати кўрсатиш соҳасида тўлов интизомини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармон қабул қилинди. 

Фармонда республиканинг водопровод-канализация хўжалигини бошқариш тизимини, сув истеъмолини назорат қилиш ва ҳисобга олиш механизмларини тубдан такомиллаштиришни, шунингдек, сув таъминоти ва сув чиқариш хизмати кўрсатиш соҳасида тўлов интизомини мустаҳкамлашни таъминлашга қаратилган комплекс ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар назарда тутилди. 

Эндиликда, Бюро электр энергияси ва табиий газ истеъмоли учун тўлов интизомини мустаҳкамлаш билан бир қаторда сув таъминоти ва сув чиқариш соҳасида тўловлар ундирилишини таъминлайди. 

Фармон қабул қилиниши муносабати билан сув таъминоти ва сув чиқариш хизматлари учун ҳисоб-китобларни амалга ошириш тартибига ҳам жиддий ўзгартишлар киритилди. 

Хусусан, 2018 йил 1 январдан бошлаб бундай хизматлар учун 100 фоизлик олдиндан ҳақ тўлаш тартиби жорий этилди. Бунда сув таъминоти ва сув чиқариш тармоғидан илгари узиб қўйилган шахсларни қайта улаш истеъмолчилар гуруҳларидан келиб чиқиб улардан энг кам ойлик иш ҳақининг икки ва ўн баравари миқдорида тўлов ундириш орқали амалга оширилади. 

Бундан ташқари, 2018 йил 1 январга қадар сувни ишлаб чиқариш, етказиб бериш ва тақсимлашни назорат қилиш ва ҳисобга олишнинг ягона автоматлаштирилган тизимини яратиш ҳамда жорий этишни, шу жумладан сув тақсимлаш тармоқларида ҳисобга олиш ускуналарини ўрнатишни назарда тутувчи комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқилади. 

UZ24: Хабар ва янгиликларни Facebook ҳамдаTelegram'да ҳам кузатиб боринг

Шархлар
Реклама