"Урушга ўз хоҳишим билан кетдим" – 94 ёшли отахон жасорати
09 мая 2018, 17:24 2179 кўрилди
alt
 
Тошкент шаҳри Олмазор тумани Ачавот маҳалласидаги 40-уйда Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Аббос бобо Аппанов истиқомат қилади. Урушдан қайтгач, 60 йиллик умрини маориф соҳасига бағишлаган отахон фарзандлари, невараю чеваралари даврасида қарилик гаштини сурмоқда.
 
– Урушга ўз хоҳишим билан кетдим ва у мен учун Смоленскда бошланди, – дейди отахон. – Бомбардимонлардан бирида хушимдан кетдим. Дала госпиталида ўзимга келдим. Билдимки, контузия бўлибман. Тузалиб чиққач 2-белоруссия фронтига қўшилдим. Белоруссияни озод қилгач, Польшага ўтдик. Унинг Люблин шаҳригача бордик. У ерда 1-белоруссия фронтида, маршал Георгий Жуков бошчилигида жангларни давом эттирдик. Германиянинг Одер дарёсини кечиб ўтишда яна ярадор бўлдим. Берлин остонасида ҳам даҳшатли жанглар бўлди. Шаҳар бутунлай олингач, ғалабани нишонлаш учун вайронлар остида қолган асосий катта кўчаларни ўзимиз тозаладик. Немислар аввалига кўчага чиқишга қўрқишди. Кейинчалик дўстона муносабатимизга жавобан тозалаш ишларига ҳиссаларини қўшдилар. Уруш йилларида артиллерия, пиёда қўшинларида хизмат қилдим. Германиядан 1946 йилнинг ёзида, катта сержант  ҳарбий унвони билан уйимга қайтдим. 
 
Урушдан кейин олийгоҳни тамомлаган отахон қарийб 60 йил давомида ўқувчи-талабларга немис тили фанидан сабоқ берди. “Ўқитувчи” нашриётида илмий ишлар олиб борди.
alt
 
– 1924 йилда Тошкентда, зиёлилар оиласида бош фарзанд бўлиб туғилганман, – дея давом этади нуроний. – Етти ака-ука эдик. Ўзимнинг ҳам етти фарзандим бор. Отам кўп йиллар математикадан дарс берган. Мен ёшлигимдан билимга чанқоқ эдим. Яхши ўқиганим сабаб, 3-синфдан кейин 5-синфга ўтганман. Кичкина бўлишимга қарамай, аҳолига лотин алифбосини ўргатувчилар сафига қўшиб қўйишган. Хонадонма-хонадон юриб, ёши мендан ҳам катталарга сабоқ бердим. 9-синфдалигимда, ўқитувчиларни тайёрлайдиган қисқа курсларга мени ҳам жўнатишди. Педагоглар етишмасди-да ўша пайтлари. Чет тили, аниқроғи немис тилини ўрганиш ва бошқаларга ўргатиш иштиёқи шунда кучайди, менда. Ота касбини давом эттирдим. Ўзим маориф соҳасида фаолият кўрсатганим учун, бугунги кунда таълим соҳасига берилаётган эътибордан жуда таъсирланаман. Замонавий ўқув масканлари, у ерлардаги шарт-шароитларни бир пайтлар фақат орзу қилардик. Ёши улуғ, кекса авлод вакилларини эъзозлаш, айниқса Ватан тинчлиги йўлида жон берган юртдошларимизнинг номини абадийлаштириш борасидаги чора-тадбирлардан руҳим кўтарилади. Минг раҳмат ҳукуматимизга...
 
Олмазор тумани мудофаа ишлари бўлими бошлиғи подполковник А. Сайфитдинов, Қуролли Кучлар академияси офицерлари ва курсантлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари ҳам нуроний ватандошимизни совға-саломлар билан йўқлаб, Хотира ва Қадрлаш куни билан қутладилар.
 
Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати
  
Шархлар
Реклама