Пойтахт театрларида болалар учун намойиш этиладиган Янги йил томошалари билан танишинг
03 янвuary 2016, 10:16 4897 кўрилди

alt

2015 йил 25 декабрдан 2016 йил 10 январга қадар республикамиздаги барча театрлар турли саргузаштлар, Қорбобо ва Қорқиз иштирокидаги эртаклар асосида театрлаштирилган томошалар, эртак спектаклларини намойиш этади.

1. Ўзбек Миллий академик драма театрида "Ўрмон сири” номли эртак спектакль саҳналаштирган бўлиб, байрам кунлари томошабинларга ҳавола этилади. Сценарий муаллифи Турдиали Жумабоев, саҳналаштирувчи режиссёрлар Марат Азимов ва Муборак Мадазимова. Спектаклнинг қизиқарли воқеалари ўрмонда кечади. Унда театр актёрлари турли ўрмон ҳайвонлари тимсолида намоён бўлади. Унда Фарҳод Абдуллаев, Мадина Мухторова, Ҳамид Тошпўлатов, Ўткир Менглиев, Меҳриддин Раҳматов, Рихситилла Абдуллаев, Собир Отажонов, Миролим Қиличов ва бошқа ёш актёрлар рол ижро этади. Ёш бастакор Акмал Сафаров томонидан ёзилган ажойиб қўшиқлар, шунингдек, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Ҳожиакбар Комилов ва Лола Элтоева ижросидаги Қорбобо ва Қорқизларнинг байрам табриклари кириб келаётган Янги йил байрамини қизғин кутиб олишга чорлайди.

alt

2. Алишер Навоий номидаги давлат академик катта театри замонавий мавзудаги "Мегабайтли янги йил эртаги” мусиқий томошасини ўзбек ва рус тилларида томошабинлар эътиборига ҳавола этади. Ундаги ғаройиб қиёфали қаҳрамонлар болаларни эртаклар оламига олиб киради.

alt

3. Муқимий номидаги давлат мусиқий театри ижодкорлари янги йилда болажонларга "Қорқизнинг саргузаштлари” номли томошани туҳфа этмоқда. Бу спектаклнинг саргузаштларга бой воқеалари нафақат болажонларга, балки катталарга ҳам завқ улашади.

alt

4. Ўзбекистон Ёшлари театри "Приключение фунтика”, "Волшебная лампа Аладдина”, "Белоснежка и семь гномов” каби саргузаштга бой эртак –спектаклларни тақдим этмоқда.

alt

5. Ўзбек давлат драма театрида "Сохта қорқиз” номли томоша тайёрланган. Сценарий муаллифи ва саҳналаштирувчи режиссёр Дилмурод Масаидов. Машҳур эртак қаҳрамонлари иштирокидаги мазкур томошада болажонларнинг ўзи ҳам фаол иштирок этади ва эртаклар оламида Янги йилни кутиб олади.

alt
6. Республика Ёш томошабинлар театри байрам кунлари "Оппоғой”, "Мадагаскар”, "Ғаройиб воқеа”, "Тук-тук, ким у?” номли спектаклларни намойиш этмоқда. Ўзбек ва рус тилларида ижро этиладиган ушбу спектакллар болажонлар учун ўзгача байрам совғаси бўлади.

alt

7. Тошкент давлат мусиқали комедия (оперетта) театри бу йил янги йил табриги сифатида "Новогоднее чудо” шоу томошасини тақдим этмоқда.
8. Республика Қўғирчоқ театрида эса "Янги йил мўжизаси” номли театрлаштирилган томоша намойиш этилади. Сценарий муаллифи ва саҳналаштирувчи режисёр Ҳотам Ахунов томонидан тайёрланган мазкур томоша ўзбек ва рус тилларида ижро этилиб, кўй-қўшиқ ва ранг-баранг саргузаштларга бой эканлиги билан жажжи томошабинларни бефарқ қолдирмайди.

alt

Пойтахтимиздаги бошқа театрлар, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоят театрларида ҳам Янги йил байрамини кўтаринки руҳда кутиб олиш мақсадида махсус тайёргарликлар кўрилган. Жумладан, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат мусиқий театри "Янги йил совғаси”, Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги Андижон вилоят мусиқали драма театрида "Қорбобонинг саргузаштлари”, Бухоро вилоят мусиқали драма театрида "Янги йил саргузаштлари”, Ҳамид Олимжон номидаги Самарқанд вилояти мусиқали драма театри "Қувноқ шаҳарчадаги янги йил эртаги”, Маннон Уйғур номидаги Сурхондарё вилояти мусиқали драма театри "Оппоғойим”, Огаҳий номидаги Хоразм вилояти мусиқали драма театри "Қор маликаси” цингари театрлаштирилган томошаларни саҳналаштирган ва ҳудудларда томошабинларга тақдим этмоқда. Шунингдек, пойтахтимиз майдонларида улкан Янги йил арчаси ёнида ташкил этилган оммавий томошаларда театрларимизнинг кўплаб етакчи ва ёш актёрлари хизмат қилмоқда.

alt

Пойтахтимиздаги Мустақиллик майдонида Ўзбек Миллий академик драма театри "Янги йил совғаси” номли театрлаштирилган томошасини тақдим этмоқда.

Алгоритм даҳасида байрамона безатилган майдонда Тошкент давлат мусиқали комедия (оперетта) театри Азад Аҳмедов сценарийси асосида Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими Сергей Каприелов томонидан саҳналаштирилган "Новогоднее представление” томошаси билан юртдошларимиз ва шаҳримиз меҳмонларига байрам кайфиятини улашади.

Ўзбекистон Ёшлари театри томонидан махсус тайёрланган "Шум бола Мўжизалар диёрида” ("Шум бола в Стране Чудес”) театрлашган томошаси байрамона безатилган Хадра майдонида ижро этилади. Театр актёрларининг эртакнамо қиёфалари ва ижролари, ажойиб безатилган майдон кутилаётган йилни муносиб қарши олишга қаратилган.

Манба: Маданият ва спорт ишлари вазирлигининг матбуот хизмати

 

Шархлар
Реклама