Катта қурамаликларнинг оҳу фарёди

янв 26 / 2018

alt

18 январь куни Қозоғистон Республикасининг Ақтўбе вилояти “Чимкент — Самара” автомобиль йўлида 57 нафар йўловчи билан ҳаракатланаётган автобус ёниши оқибатида 52 нафар ҳамюртимиз ҳалок бўлгани ҳақидаги хабар барчамизни ларзага солди. Уларнинг аксарияти Наманган вилоятидан  эди.

Тўрақўрғон туманининг Катта Қурама маҳалласидаги “Дўстлик” қабристонида бир куннинг ўзида 11 та қабр олов ичида қолган йигитлар жасадини бағрига олди. Тумандаги Ўзбекистон, Бозорбоши, Шоҳидон маҳаллаларидан сафарга чиққан ва ёнғин қурбонига айланган 9 нафар фуқаро ҳам сўнгги йўлга аламу изтироб билан кузатиб қўйилди. Ўзга юртдан ризқ излаб фалокатга дуч келган бу инсонларга аза тутиб, фақат оила аъзолари, яқинларигина эмас, бутун қишлоқ, бутун юрт йиғлади.

Ақтўбедаги фожианинг энг катта мусибати Мирзаабдулла Мадраҳимовнинг оиласи бошига тушди. Бу хонадондан икки ўғил — Ҳамидулло ва Ҳабибулло олис сафарга отланганди. Ҳамидуллонинг аёли бева, икки норасида фарзанди етим қолди. Ҳабибуллони эса ишлаб келганидан сўнг уйлантиришни мўлжаллаб туришганди. Қўни-қўшниларнинг гапига қараганда, Мирзаабдулла ака ва ўғилларининг уй-жой шароити ёмон эмас. Катта ўғилнинг хусусий  “Зил”, кичигининг “Камаз” юк машиналари бор. Бундай улов билан яхшигина пул топиб, рўзғорни бемалол тебратса бўларди. Йигитларга бу оз кўринган чоғи, хорижни кўзлаб қолишди. Оқибати эса... Бугун бир йўла икки дилбандини тупроққа топширган Маҳфират опанинг “Болаларимни узоққа юбормайман, дея оёқ тираб туриб олсам бўларди-ку”, дея чекаётган афсус-надоматлари энди жуда-жуда кеч эканлигидан ҳар қандай инсон изтиробга тушади.  

Маҳалланинг Янгиобод кўчасида яшаган Олимжон Сулаймонов ёнғинда қолганларнинг энг катта ёшлиси эди. Ҳайдов трактори минганидан топгани билан рўзғорини бинойидай тебратиб келган оила бошлиғи йигирма кунча аввал тўнғич қизини узатиб, тўй харажатларидан бирмунча қарздор бўлиб қолган экан. Россияга бориб ишлаб келишга қарор қилиб, 15 январь куни йўлга чиққан Олимжон ака қадрдон гўшаси ва яқинларини бутунлай тарк этаётганини билганида эди... Бугун бевалик қисматини бевақт қабул қилган аёли, айниқса, келинлик либослари тахи бузилмай отасидан айрилган қизининг оҳи кўкка ўрлаяпти...

— Энди сираям хорижга ноқонуний йўллар билан бормайман, — дейди оиласи бошига тушган фожиа муносабати билан  ўзга давлатдан етиб келган Алишер Муродиллаев. — Ўтган йили отамни сўнгги йўлга кузатгандик. Энди укам... Баҳодир боёқиш гўшангага киришга ҳам улгурмади. У касб-ҳунар коллежини автомобиль соҳаси бўйича тамомлаганди. Мутахассислиги бўйича ишласа, иш топса бўларди. Чет элга ўз йўриғимча пул топгани кетиб укамга ноўрин ўрнак кўрсатганим учун бир умр афсус-надомат юкини ортмоқлаб юришдан ўзга чорам йўқ.

Фожиа рўй берганидан марҳумларни дафн этишгача бўлган кунлар мамлакатимиз аҳлининг сабр-бардоши, бошига мусибат тушган юртдошларимиз иродасини яна бир бор синовдан ўтказди. Ҳалок бўлган фуқароларнинг оила аъзоларига тиббий-психологик ва моддий ёрдам кўрсатиш бўйича тегишли чора-тадбирлар амалга оширилди. Давлатимиз раҳбари бошчилигида тегишли мутасаддилар, бутун халқимиз уларнинг дардига шерик бўлди.

Маълумки, рўй берган фожиа сабабларини, ҳалок бўлганларнинг шахсини аниқлаш ва уларни мамлакатимизга олиб келиш бўйича Ҳукумат комиссияси астойдил иш олиб борди. Дастлабки, хулосалар айтилди ҳам. Сабаблар эса кўп. Аммо уларнинг ҳеч бири атрофдагиларнинг ўзини-ўзи оқлашига асос бўла олмайди. Асосий хулоса шу: фарзандларимизни асрайлик, сабр-тоқатли бўлишга, ҳаётда оқилона йўлни танлашга ўргатайлик. Зеро, уларнинг ҳеч бири чет эллардан ризқ излаб ноқонуний сафарга отланмасин! Ҳаёти фожиали якун топган юртдошларимиз қисмати барча-барчага сабоқ бўлмоғи лозим. 

Манба: "Халқ сўзи" газетаси

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *