Амнистия қандай қўлланилади ?
11 декабр 2015, 16:42 2329 кўрилди

alt

Хабар қилганимиздек, 3 декабрь куни Олий Мажлис Сенати “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 23 йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида” Қарор қабул қилди.

Жиноят-процессуал кодексига асосан маҳкумни амнистия актига кўра асосий ва ижро этилмаган қўшимча жазодан тўлиқ ёки қисман озод қилиш ёхуд жазодан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш ёки унга тайинланган жазонинг ўталмай қолган қисмини енгилроқ жазо билан алмаштириш прокурорнинг илтимосномасига биноан маҳкум жазони ўташ жойидаги жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судининг, округ, ҳудудий ҳарбий суднинг судьяси томонидан амалга оширилиши белгиланган.

Амнистия актини қўллаш учун асослар мавжуд бўлган тақдирда, суриштирувчи, терговчи терговга қадар ўтказилган текширув материалларини ёки жиноят ишини қайси шахсга нисбатан амнистия актини қўллаш тўғрисидаги масала қўйилаётган бўлса, ўша шахснинг, гумон қилинувчининг, айбланувчининг аризаси ҳамда амнистия актига асосан жиноят ишини қўзғатишни рад қилиш ҳақида ёхуд жиноят ишини тугатиш тўғрисида судга илтимоснома киритиш ҳақидаги тақдимнома билан прокурорга юборади.

Шу билан бирга, агар бир неча шахсга тааллуқли жиноят иши бўйича улардан лоақал биттаси амнистия актининг таъсир доирасига тушса, жиноят ишининг унга тааллуқли қисми тегишли илтимосномани судга киритиш учун алоҳида иш юритишга ажратилиши мумкин.

Прокурор суриштирувчининг, терговчининг тақдимномаси асослилигини текшириб, унга рози бўлган тақдирда, амнистия актига асосан жиноят ишини қўзғатишни рад қилиш тўғрисидаги ёки жиноят ишини тугатиш ҳақидаги илтимосномани терговга қадар ўтказилган текширув материаллари ёхуд жиноят иши билан бирга, улар прокурорга келиб тушган кундан эътиборан беш кундан кечиктирмай судга юбориши шарт.

Айни пайтда мазкур моддада агар жиноят ишини қўзғатишни рад қилиш ёки жиноят ишини тугатиш тўғрисидаги илтимосномани судга юбориш учун асослар бўлмаган тақдирда, прокурор терговга қадар ўтказилган текширув материалларини ёки жиноят ишини суриштирувчига ёхуд терговчига қайтариш ҳақида асослантирилган қарор чиқариши ва прокурорнинг ушбу қарори устидан юқори турувчи прокурорга шикоят берилиши мумкин.

Прокурорнинг амнистия актига асосан жиноят ишини қўзғатишни рад қилиш ҳақидаги ёки жиноят ишини тугатиш тўғрисидаги илтимосномаси суд мажлисида кўриб чиқилади. 

Манба: "Зарафшон" газетаси

Шархлар
Реклама