#UzbUSA2018: Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга ташрифи тафсилотлари

мая 18 / 2018

17 май куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Америка Қўшма Штатлари Давлат департаментига ташриф буюрди. АҚШ Давлат котиби Майкл Помпео билан учрашувда мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларни янада мустаҳкамлаш, ташқи сиёсат маҳкамалари алоқаларини фаоллаштириш масалалари муҳокама қилинди.

Президент Шавкат Мирзиёев Капитолийда АҚШ Конгресси вакиллар палатаси аъзоси Трент Келли бошчилигидаги конгрессменлар билан учрашди.

Мулоқотда Ўзбекистон билан Америка Қўшма Штатлари ўртасида тобора ривожланиб бораётган муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, парламентлараро алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.

Президент Шавкат Мирзиёев Пентагонда АҚШ мудофаа вазири Жеймс Мэттис билан музокара олиб борди.

Давлатимиз раҳбари кўп йиллик ва самарали ҳамкорлик учун АҚШ томонига миннатдорлик билдириб, Президент Дональд Трамп билан ўтган мулоқот натижасида давлатлараро муносабатлар янги босқичга кўтарилганини таъкидлади.

Ўзбекистоннинг очиқ ва конструктив ташқи сиёсати натижасида Марказий Осиёда яхши қўшничилик муҳити яратилди. Афғонистон Президенти Ашраф Ғани билан мулоқотларингиз, Афғонистон ишлари бўйича махсус вакил тайинлаганингиз муҳим аҳамиятга эга. Расмий ташрифингиз доирасида қабул қилинган беш йилга мўлжалланган ҳарбий ҳамкорлик режаси минтақадаги тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашга хизмат қилади, деди Жеймс Мэттис.

Учрашувда мудофаа ва хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан фикр алмашилди.

Шу куни Вашингтон шаҳридаги Жаҳон банки штап-квартирасида ҳам бўлди. Давлатимиз раҳбарини Жаҳон банки президенти Жим Ёнг Ким кутиб олди.

Бугунги кунда Ўзбекистон ва мазкур банк ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик энергетика, ирригация ва коммунал тармоқларни модернизация қилиш, транспорт ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш соҳаларини қамраб олган. 2020 йилгача ҳамкорлик қўшма дастурига умумий қиймати 4 миллиард доллар бўлган 27 та муҳим лойиҳа киритилган. 

Учрашув чоғида боғдорчиликни ривожлантириш, шошилинч тиббий ёрдам тизимини такомиллаштириш, саноат корхоналарининг энергия тежамкорлигини ошириш, иситиш тармоқларини модернизациялаш, молиявий консультатив хизмат кўрсатиш каби соҳаларга оид битимлар имзоланди. 



Музокарада янги истиқболли лойиҳалар муҳокама қилинди, ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича таклифлар билдирилди. 

Шунинг билан Шавкат Мирзиёевнинг Америка Қўшма Штатларига расмий ташрифи якунига етди. 

UZ24: Хабар ва янгиликларни Telegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *