Қозоғистонда Ўзбекистон йили очилди
15 март 2018, 20:21 1415 кўрилди

alt

“Остона-опера” театрида Қозоғистонда Ўзбекистон йилининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди, деб хабар қилади Президент матбуот хизмати. 

Тадбирда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон делегацияси раҳбарлари иштирок этди.

Нурсултон Назарбоев Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасидаги дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлашга қўшган улкан ҳиссаси учун Шавкат Мирзиёевни Қозоғистоннинг биринчи даражали "Дўстиқ" ордени билан мукофотлади.

Қозоғистонда Ўзбекистон йили дастури доирасида кўплаб маданий-маърифий тадбирлар ташкил этилади. Олмаота шаҳрида Ўзбек адабиёти кунлари ўтказилади. Ўзбек Миллий академик драма театри ижодкорлари Чимкент шаҳрига сафар қилади. Остона шаҳрида Ўзбек аёллар миллий либослари ва халқ амалий санъати кўргазмаси ҳамда китоблар кўргазмаси ташкил қилинади. 

Ўзбекистон фольклор жамоаларининг Туркистон шаҳрига, Республика ёш томошабинлар театри жамоасининг Олмаота шаҳрига ижодий сафари кўзда тутилган. Тараз, Чимкент, Қизилўрда, Туркистон шаҳарларида ўзбек киноси кунлари, бадиий жамоалар ва эстрада ижодкорлари иштирокидаги “Ош фестивали” режалаштирилган.

Остона шаҳрида “Ўзбекистон йили”нинг ёпилиш маросимига бағишланган тантанали концерт дастурида икки халқ санъат усталари ва ижрочи ёшлар қатнашади. 

UZ24: Хабар ва янгиликларни Telegram'да ҳам кузатиб боринг

Шархлар
Реклама