Транспортдан ахлат ташлаганлик учун жарима миқдори оширилди

окт 11 / 2018

 

– ЭКИҲнинг бешдан бир қисмидан бир бараваригача миқдорда жарима солинади

alt

Президент 10 октябрда "Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан, шу жумладан ичимлик сувидан оқилона фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги қонунни имзолади.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 123-моддасига киритилган ўзгартишларга мувофиқ, транспорт воситаларидан ахлат ёки бошқа нарсаларни ташлаб юбориш бўйича жавобгарлик кучайтирилди. Энди поездларнинг вагонлари, автотранспорт воситалари ва шаҳар йўловчилар транспортидан ахлат ёки бошқа нарсаларни ташлаб юбориш энг кам иш ҳақининг бешдан бир қисмидан бир бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Ҳозирда бу миқдор энг кам иш ҳақининг ўндан бир қисмидан иккидан бир қисмига тенг.

Белгиланмаган жойларга қаттиқ маиший чиқиндиларни ва қурилиш чиқиндиларини ташлаш, шунингдек суюқ маиший чиқиндиларни тўкиш фуқароларга энг кам иш ҳақининг иккидан бир қисмидан уч бараваригача, мансабдор шахсларга эса – уч бараваридан бешбараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, энг кам иш ҳақининг уч бараваридан беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса – беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солинади.

Қонун 3 ойдан сўнг кучга киради.

UZ24: Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *