Тошкентнинг марказий кўчаларидан бирига Чингиз Айтматов номи берилади

апр 03 / 2018

alt

Чингиз Айтматов хотирасини абадийлаштириш мақсадида Тошкент шаҳрининг марказий кўчаларидан бирига адиб номи берилади. Бу Президентнинг 2 апрелдаги "Буюк адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида"ги қарорида кўзда тутилган.

Ҳужжатда белгиланишича, адиб таваллудининг 90 йиллигини юқори савияда нишонлаш бўйича тегишли чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилади. Бунда “Чингиз Айтматов ва Ўзбекистон” номли хотира китоби чоп этилади, Чингиз Айтматов ҳаёти ва ижодий фаолияти ҳақида ҳужжатли фильм яратилади, ёзувчи асарлари асосида янги спектакль саҳналаштирилади ва бадиий фильм суратга олинади, Тошкент вилояти Паркент туманидаги 33-мактабда адиб бюсти ўрнатилади. 

Ўзбекистон Фанлар академияси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси, Республика Маънавият ва маърифат маркази билан ҳамкорликда “Чингиз Айтматов ва ўзбек адабиёти” мавзусида илмий конференция ўтказилади.

Республикадаги олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар, умумий ўрта таълим муассасалари, ҳарбий қисмлар, меҳнат жамоалари ва маҳаллаларда таниқли шоир ва ёзувчилар, олимлар иштирокида учрашувлар, адабий кечалар ташкил этилади.

2018 йил декабрь ойининг иккинчи ўн кунлигида Ўзбек Миллий академик драма театрида атоқли адиб хотирасига бағишланган ижодий кеча ўтказиш режалаштирилган.

UZ24: Хабар ва янгиликларни Telegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *