Тошкентда МДҲга аъзо мамлакатлар Мудофаа вазирлари кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтди

окт 12 / 2018

 

– Йиғилишга Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу раислик қилди

– Мудофаа вазирлари кенгашининг 2019 йил бўйича иш режаси қабул қилинди. МДҲга аъзо мамлакатлар қуролли кучларининг ҳамкорликдаги алоқа тизимини ривожлантириш, 2022 йилга қадар қуролли кучлар фаолиятининг дастурий таъминоти, навигация, метрология, топография ва геодезия соҳасида ҳамкорликни ташкил этиш, 2019 йил давомида МДҲга аъзо давлатлар Ҳаво ҳужумидан мудофаа ва ҳарбий ҳаво кучлари қўшинлари қўмондонликлари ўртасида қўшма машғулотларни ташкил этишга йўналтирилган ҳужжатлар имзоланди

 
Тошкентда Ўзбекистон халқаро форумлар саройида МДҲга аъзо мамлакатлар Мудофаа вазирлари кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтмоқда, деб хабар қилади Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати.
 
Унда Россия, Арманистон, Беларус, Қозоғистон, Озарбайжон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистоннинг мудофаа идоралари раҳбарлари иштирок этди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.
 
Йиғилишга Россия мудофаа вазири, армия генерали Сергей Шойгу раислик қилди.
 
Йиғилиш давомида Марказий Осиёдаги вазият, халқаро терроризмга қарши курашиш йўлидаги устувор вазифалар, Ҳамдўстликка аъзо мамлакатлар ўртасида ҳарбий ҳамкорликни ривожлантириш, радиацион, кимёвий ва биологик вазиятни баҳолаш ҳамда назорат қилишда Бирлашган тизимнинг истиқболлари муҳокама қилинди.
 
Шунингдек, МДҲга аъзо мамлакатлар қуролли кучлари авиация парвозлари соҳасида ҳамкорлик масалалари, Ягона давлат радиацион идентификация тизимини амалга ошириш, ҳарбий таълим соҳасида ҳарбий билим юртлари курсантлари ўртасида фан олимпиадаларини ўтказиш, Иккинчи жаҳон урушининг 75 йиллигига бағишланган қўшма тадбирларни ҳамкорликда амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди.
 
Бундан ташқари кенгаш аъзолари Мудофаа вазирлари кенгашининг 2019 йил бўйича иш режасини қабул қилди. МДҲга аъзо мамлакатлар қуролли кучларининг ҳамкорликдаги (бирлашган) алоқа тизимини ривожлантириш, 2022 йилга қадар қуролли кучлар фаолиятининг дастурий таъминоти, навигация, метрология, топография ва геодезия соҳасида ҳамкорликни ташкил этиш, 2019 йил давомида МДҲга аъзо давлатлар Ҳаво ҳужумидан мудофаа ва ҳарбий ҳаво кучлари қўшинлари қўмондонликлари ўртасида қўшма машғулотларни ташкил этишга йўналтирилган ҳужжатлар имзоланди.
 
Тадбирда мамлакатлар мудофаа идоралари раҳбарларига Ўзбекистон Мудофаа вазирининг “Жанговар ҳамдўстликни мустаҳкамлашдаги хизматлари учун” эсдалик нишони топширилди.
 
UZ24: Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *