Шавкат Мирзиёев Қозоғистон халқини Остона шаҳрининг 20 йиллиги билан табриклади
06 июл 2018, 21:28 2834 кўрилди

Қозоғистон пойтахтидаги Мустақиллик саройида 6 июль куни Остона шаҳрининг 20 йиллигига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди. Шавкат Мирзиёев Нурсултон Назарбоевнинг таклифига биноан ушбу тадбирда иштирок этди.

Давлатимиз раҳбари ушбу тарихий сана билан Қозоғистон халқи ва Президент Нурсултон Назарбоевни самимий табриклади.

Остона шаҳри янги, мустақил ва изчил ривожланаётган Қозоғистоннинг ёрқин тимсолидир. Унинг қиёфасида қозоқ халқининг бой маданияти ва анъаналари, замонавий архитектура ютуқлари мужассам. Бу шаҳар йирик иқтисодий ва молиявий марказ, халқаро форум ва учрашувлар учун қулай майдон ҳамдир, деди Шавкат Мирзиёев.  

Маълумки, 1994 йил 6 июлда Қозоғистон Олий Кенгаши мамлакат пойтахтини Олмаотадан Оқмолага кўчириш тўғрисида қарор қабул қилган. 1997 йил 10 декабрда Президент Нурсултон Назарбоевнинг фармонига мувофиқ Оқмола шаҳри Қозоғистон Республикасининг пойтахти деб расман эълон қилинган. 1998 йил 6 май куни Оқмола шаҳрининг номи Остона деб ўзгартирилган.  2008 йили қабул қилинган қонунга мувофиқ “6 июль – Пойтахт куни” давлат байрами этиб белгиланган.  

Остона шаҳрининг 20 йиллик тадбирларида Қирғизистон Республикаси Президенти Сооронбай Жээнбеков, Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон ҳам қатнашди.

UZ24: Хабар ва янгиликларни Telegram'да ҳам кузатиб боринг

 

 

Шархлар
Реклама