Шавкат Мирзиёев Тожикистонга жўнаб кетди
09 март 2018, 10:36 845 кўрилди

alt

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 9 март куни давлат ташрифи билан Тожикистонга жўнаб кетди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати маълум қилади.

Аввал хабар қилинганидек, икки кунлик ташриф давомида ўтказиладиган музокараларда икки мамлакат ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий, транспорт-коммуникация, туризм, маданий-гуманитар соҳалардаги ва ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш, фуқароларнинг ўзаро ташрифларини осонлаштириш масалалари муҳокама қилинади, томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро муаммолар юзасидан фикр алмашилади.

Музокаралар якунлари бўйича Президентларнинг Қўшма баёноти, Ўзбекистон - Тожикистон давлат чегарасининг алоҳида участкалари тўғрисида шартнома, Фуқароларнинг ўзаро қатнови тўғрисидаги битим, шунингдек, турли соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш ва мустаҳкамлашга қаратилган жами 25 дан ортиқ ҳужжат имзоланиши режалаштирилган.

Бундан ташқари ташриф доирасида ўтказиладиган бизнес-форум ва Ўзбекистон миллий саноат кўргазмасида тижорат шартномалари ва иқтисодиётнинг турли тармоқларидаги кооперацияга оид битимлар имзоланиши кўзда тутилган. Икки мамлакат санъат усталари иштирокида концерт ташкил этилиши ҳам мўлжалланган.

UZ24: Хабар ва янгиликларни Telegram'да ҳам кузатиб боринг

 

 

 

Шархлар
Реклама