Шавкат Мирзиёев Корея Республикаси Бош вазири ўринбосари, стратегия ва молия вазирини қабул қилди
14 феврал 2018, 10:58 290 кўрилди

alt

Шавкат Мирзиёев 13 февраль куни Ўзбекистонда амалий ташриф билан бўлиб турган Корея Республикаси Бош вазири ўринбосари, стратегия ва молия вазири, икки томонлама Ҳукуматлараро комиссия ҳамраиси Ким Донг Ённи қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар беради.

Учрашувда савдо-иқтисодий, инвестиция, инновация, банк-молия ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари юзасидан атрофлича фикр алмашилди.

Ўтган йили ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 1,3 миллиард доллардан ошди. Тасдиқланган "йўл харитаси"га мувофиқ, бугунги кунда мамлакатимизда замонавий ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва инфратузилмани модернизация қилиш бўйича умумий қиймати 6 миллиард доллардан зиёд 60 дан ортиқ инвестиция лойиҳалари тайёрланмоқда ва амалга оширилмоқда.

Ўзаро ҳамкорликнинг ўтган даврида Ўзбекистон иқтисодиётига Жанубий Кореядан жами 7 миллиард долларлик инвестициялар жалб қилинди, Корея Республикаси компаниялари иштирокида 500 дан ортиқ корхона ташкил этилди.

Меҳмон Ўзбекистон раҳбарияти Корея Республикаси фуқароларига визасиз тартиб жорий этиш ҳақида қарор қабул қилгани учун самимий миннатдорлик билдирди. Бу, шубҳасиз, Ўзбекистонга сайёҳлар оқимини салмоқли даражада ошириш ва ишбилармонлик алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлади.

Учрашув якунида Ким Донг Ён Жанубий Корея стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва кенг миқёсли ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришга тайёр эканини қайд этди.

UZ24: Хабар ва янгиликларни Facebook ҳамда Telegram'да ҳам кузатиб боринг

Шархлар
Реклама