Шавкат Мирзиёев АҚШнинг халқаро диний эркинлик соҳасида алоҳида топшириқлар бўйича элчисини қабул қилди

сен 18 / 2018

Шавкат Мирзиёев 18 сентябрь куни Ўзбекистнда амалий ташриф билан бўлиб турган АҚШнинг халқаро диний эркинлик соҳасида алоҳида топшириқлар бўйича элчиси Самуэль Браунбэкни қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилади.

Суҳбат чоғида Ўзбекистон инсон салоҳиятини ривожлантириш, шу жумладан, диний эркинлик ва конфессиялараро тотувликни таъминлаш соҳасидаги конструктив мулоқотга муҳим аҳамият қаратаётгани қайд этилди. Президентимиз Ўзбекистоннинг дин соҳасидаги сиёсати барча конфессия вакиллари учун тенг шароитлар яратишга асосланганини таъкидлади.

Ўзбекистонни янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш доирасида диний-маърифий соҳадаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш борасида аниқ чоралар кўрилди.

Самуэль Браунбэк самимий қабул учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдириб, АҚШ Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг миқёсли ўзгаришларни юқори баҳолаши ва қўллаб-қувватлашини таъкидлади.

Мамлакатимиз диний эркинлик ва инсон ҳуқуқларини таъминлашда катта муваффақиятларга эришгани алоҳида қайд этилди.

Томонлар Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги кўп қиррали, хусусан, мамлакатимизда фуқаролик жамияти институтларини мустаҳкамлаш, бағрикенглик ва конфессиялараро тотувликни таъминлаш соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга тайёр экани билдирилди.

UZ24: Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *