Сенатнинг ўн олтинчи ялпи мажлиси якунланди

сен 28 / 2018

 

– Сенаторлар 21 та масала, шу жумладан 14 та қонунни кўриб чиқишди

28 сентябрь куни Тошкент шаҳрида Олий Мажлис Сенатининг ўн олтинчи ялпи мажлиси ўз ишини давом эттирди, деб хабар қилди Сенат ахборот хизмати.

Сенаторлар Ўзбекистон Республикасининг 2018 йилги Давлат бюджети харажатларига  ўзгартишлар  киритиш  тўғрисидаги масалани кўриб чиқдилар.

Шундан сўнг Бухоро вилоятининг Ғиждувон тумани ва Навоий вилоятининг Конимех тумани чегараларини ўзгартириш тўғрисидаги масала муҳокама этилди.

Шундан сўнг сенаторлар қишлоқ хўжалигида меҳнатга оид муносабатларни тартибга солиш ҳамда мазкур соҳадаги норасмий бандлик масалалари юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – молия вазири Ж.А. Кучкаровга парламент сўрови юбориш ҳақидаги масалани кўриб чиқдилар.

Сўров юбориш ташаббуси Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси ҳамда Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси томонидан илгари сурилди.

Таъкидланганидек, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ахборотига биноан 2018 йилнинг биринчи ярим йиллигида 2 миллиондан ортиқ киши фермер хўжаликларида иш билан банд бўлган. Уларнинг 500 мингдан зиёди расман ишга жойлаштирилган, қарийб 1,5 млн. киши эса норасмий банд бўлганлар. Сенаторлар парламент сўрови юбориш ташаббусини қўллаб қувватладилар.

Олий Мажлис Сенати аъзолари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 20 июндаги қарори билан тасдиқланган 2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикаси аҳолисига ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишни янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастурининг ижроси тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари А.А. Абдухакимовнинг ахборотини эшитдилар.

Муҳокама чоғида йўл харитасида назарда тутилган тадбирларнинг бажарилмаганлиги сабаблари танқидий муҳокама этилди, мавжуд муаммоларни бартараф этиш ва ушбу Дастурни сўзсиз ижро этиш ҳамда бу йўналишда амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини ошириш юзасидан тавсиялар билдирилди. Сенаторлар Сенат қарорини маъқулладилар.

Шунингдек, сенаторлар Бухоро вилояти ҳокимининг ҳудудларни ривожлантириш ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолияти ҳақидаги ҳисоботини эшитдилар.

Сенаторлар Бухоро вилоятида ҳудудларни ривожлантиришга ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолияти самарадорлигини оширишга салбий таъсир кўрсатадиган қатор муаммо ва камчиликлар борлигини, мавжуд салоҳиятдан тўлиқ фойдаланилмаётганлигини таъкидладилар.

Муҳокама якунлари бўйича вазирликлар ва идораларнинг ҳамда жойлардаги ижро ҳокимияти органларининг ҳудудни ривожлантириш масалаларини ҳал этиш бўйича масъулиятини оширишга қаратилган тегишли қарор қабул қилинди.

 Олий Мажлис Сенати ўз ваколатига кирадиган бошқа масалаларни ҳам кўриб чиқди.

Ўн олтинчи ялпи мажлис давомида жамият ҳаётининг барча соҳалари ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш ва мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг самарадорлигини оширишга, халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қиладиган 21 та масала, шу жумладан  14 та қонун кўриб чиқилди.

Шунинг билан Олий Мажлис Сенатининг ўн олтинчи ялпи мажлиси ўз ишини якунланди.

UZ24: Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *